…Болаликдан хорижда таълим олишни, кўплаб тилларни ўрганишни орзу қилардим. Бир неча марта уриниб ҳам кўрдим, бакалавр ва магистрлик таълими даврида хорижда ўқиш насиб қилмади. Лекин умидни сўндирмасдан интилавердим, ниҳоят 27 ёшда, докторантура бўйича грант ютдим. 2014 йили Туркиянинг давлат гранти асосида Анқарадаги Гази университети Ижтимоий фанлар институтининг Коммуникация факультетига ўқишга таклиф қилиндим.
Ўша йили октярбь ойида Анадўлу диёрига якка ўзим, ҳеч кимни танимасдан, тилни билмасдан, тўлиқ таваккал билан йўл олдим.
Ўқишда дунёнинг қайси давлатидан келганингизга қарамай, туркча ўрганишингиз, (агар туркчани билсангиз, имтиҳон топширишингиз) керак эди. Таълим тизимидаги яна бир ютуқ, ўқувчилар ҳали мактабни битирмай туриб, имтиҳон топширишади. Йиққан балларига кўра, ўқувчи қайси йўналишда ва қайси университетда ўқишга даъвогарлик қилиши мумкинлиги ҳақида тавсия берилади. Шу йўл билан чекка бир қишлоқда ўқийдиган ўқувчи яхши балл йиғиб, ҳали ўзи кўрмаган катта бир шаҳарнинг нуфузли университети талабасига айланиши мумкин. Айтиб ўтиш жоиз, таниш-билиш, «х-вариант» деган тушунчалар иш бермайди. Йиғилган баллга қараб, Таълим вазирлиги ўқувчини йўналтиради, ана ундан кейин тақдирнинг янги саҳифалари очилади. Албатта, ёшлар кўпроқ балл йиғиб, Анқара, Истанбул, Измир каби катта, таълим тизими кучли шаҳарларда ўқишга интиладилар.
Университетдаги дарслар интернет орқали танланади, талаба университет томонидан белгиланган маълум бир кунда мажбурий ва танлов фанларни танлайди. Ҳар семестрда талаба керакли баллни йиға олиши керак, йўқса, баъзи дарсларни келаси йили яна ўқиши ёки ўрнига бошқа бир фанни ўқиб битириши зарур. Қисқача айтганда, талаба 4 йил давомида керакли баллни йиққунига қадар ўқиш давом этаверади. Кимдир 5 йилда, яна кимдир 6-7 йилда ҳам битириши мумкин.
Яна бир жиҳат, ўқитувчи ва талаба орасида ҳеч қандай таъмага йўл қўйилмайди. Совға-салом деган тушунчалар кор қилмайди. Бунинг иложи ҳам йўқ, дарс тугагач, ўқитувчини топишнинг ўзи амримаҳол, топсангиз ҳам сизга вақт ажратиши қийин. Хуллас, талабанинг ўқишдан бошқа иложи йўқ. Туркияда баъзи университетларнинг тўлиқ инглиз тилида олиб бориладиган бўлимлари мавжуд. Охирги йилларда турк тилида таълим бериладиган бўлимлар дарс дастурларининг 30 фоизи инглиз тилида олиб борилмоқда. Масалан, машинасозлик бўлимидаги дарсларнинг бир қисми тўлиқ инглиз тилида бўлади. Шу йўл билан етишиб чиққан мутахассис хорижда ҳам фаолият юрита олиш имкониятига эга бўлади.
Туркияга кетар чоғимда келажакда Ўзбекистонни турк халқига янада кўпроқ таништиришга аҳд қилган эдим. Ўтган давр ичида ана шу аҳдимга содиқ қолиб, кўп жойларда Ватанимиз ҳақида маърузалар қилдим, ОАВда чиқишлар билан иштирок этдим. Икки давлат орасидаги муносабатларнинг фаоллашиши, ҳамкорликнинг ривожланиши бир пайтлар кўнгилга туккан орзуларимнинг ижобатидек туюляпти.