2022 йил давомида Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 2 минг 667 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келиб тушган. Улардан 2 минг 225 таси (83 фоиз) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 442 лойиҳа ўтказилмасдан қайтарилган.
Ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим қилинган лойиҳаларнинг 679 таси (31 фоизи) эътирозлар билан қайтарилган.
Бу Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиш асносида қайд этилди.
Вазирлик томонидан ҳуқуқий сиёсатни юритиш ва жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳаларида 149 қонунчилик ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилиб, (49 қонун, 39 Президент фармони ва қарори ҳамда 61 Ҳукумат қарори лойиҳаси) белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Шунингдек, “тартибга солиш гильотинаси” усулида Ҳукуматнинг қарорлари ҳам қайта кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 422 қарори бекор қилинган.
Муҳокамалар чоғида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда сенаторлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди.
Жумладан, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга асосан қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича аниқ муддатлар белгиланган бўлсада, ўтказилган ўрганишлар давомида қатор ҳолатларда ушбу муддатларга риоя қилинмаган.
Шунингдек, айрим вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган лойиҳаларнинг сифати ҳам талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Айниқса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш, уларни ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизалардан ўтказиш вазифаларига етарлича эътибор қаратилмаганига сенаторлар эътироз билдирди.
Таҳлиллар асосида ҳудудий адлия органлари томонидан норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича маҳаллий Кенгашларга бериладиган ахборотлар ўз вақтида тақдим қилинмагани қайд этилди.
Мажлисда норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида камчиликларга йўл қўйган қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, ҳудудий адлия органлари раҳбарларининг ҳам ахборотлари эшитилди.
Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий идоралари давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонунчиликка асосан тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тегишли ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатларига қатъий амал қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши масалалари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга тушунтиришлар бериш ҳамда манзилли ёрдам кўрсатиш масалаларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Муҳокамалардан келиб чиқиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА