Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилаётган масалалар тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, инвестициялар жалб этиш, янги иш ўринлари яратишга йўл очади.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси томонидан Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисда муҳокама этиладиган масалаларни кўриб чиқиш асносида юқоридаги фикрлар билдирилди.

Сенаторлар “Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун юзасидан алоҳида тўхталиб ўтди.

Товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун тенг шароитларни яратишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, рақобат муҳитини ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан берилган ҳамда ўз муддатида қайтарилмаган кредит маблағларини ундириш масалаларига доир даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судларга мурожаат қилиш чоғида тегишли давлат органларини давлат божини тўлашдан озод этиш зарурати юзага келмоқда.

Шу боис қонун билан “Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Н.Абдураимова, ЎзА