Бугун, 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни. Бу сана 2002 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан болалар меҳнатига барҳам бериш заруриятига эътиборни қаратиш мақсадида таъсис этилган.
ХМТнинг аъзоси бўлган Ўзбекистонда ҳам болалар меҳнатига чек қўйишга қаратилган барча чоралар кўрилди ва бу борада ижобий натижага эришилди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун етарли норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Бу жаҳон ҳамжамияти, хусусан, ХМТ, Жаҳон банки ва Европарламент томонидан юқори баҳоланди.
– Янгиланган Конституцияда болалар меҳнатининг бола соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланди, – дейди Болалар омбудсмани Алия Юнусова. – Зеро, болалар келажагимиз эгалари. Уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш давлат, жамият ва ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларга риоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишидир.
Бола ҳуқуқлари декларацияси инсоният болага ўзида мавжуд бўлган энг яхшисини беришга мажбурлигини таъкидлайди. Давлат ва жамият миллий ва халқаро даражада болаларни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини таъминлаш тамойилларига риоя қилиши лозим.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан камситишларнинг барча кўринишларига барҳам бериш борасида қонуний база яратилди.
Боланинг соғлом ўсиб-улғайиши, уларнинг мактабгача таълим тизимига қамраб олиниши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Мактаб ёшига етган ҳар бир бола умумтаълим мактабларига қабул қилинмоқда.
Болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояси йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Болаларга адолатли муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш бўйича ҳам тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА