Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали “Президент мактабида ўқиш истагидагиларга қандай талаблар қўйилади?” мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Севара Шокирова эксперт сифатида иштирок этиб, кузатувчилар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

– Президент мактабига кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун махсус қўлланмалар чоп этилганми? 

– Президент мактабларига кирувчи ўқувчилар учун имтиҳон саволлари бошланғич синфлардаги тўрт йиллик мактаб дастури асосида тузилади.

Саволлар матни Кембриждаги ҳамкорларимиз билан биргаликда тайёрланади. Ота-оналарга шуни алоҳида эслатиб ўтмоқчиманки, Президент мактабларига кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун ахборотнома шаклидаги қўлланмалар мавжуд эмас.

Ўқувчиларни имтиҳонларга тайёрлаш учун йил давомида сайтларимиз орқали кўп йиллик тажрибага эга бўлган математика устозлари томонидан видеороликлар қўйиб борилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 3 та таянч мактаби ва 168 та ихтисослаштирилган мактабнинг махсус сайтлари бор. Ўша сайтлар орқали мантиқий фикрловчи саволлар ҳақида тушунчалар бериб борилади.
Ундан ташқари, хоҳловчилар сайтларга уланиб, дарс жараёнлари ҳамда ўқувчилар яшаш шароитлари билан танишса бўлади.

– Имтиҳонлар неча босқичда бўлиб ўтади? 

–Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи математика фанидан бўлиб ўтади. Унда жами 30 та тест шаклидаги саволлар берилади. Бунда масалалар мураккаблиги даражаси 3 тоифага бўлинади. 10 та енгил, 10 та ўртача , 10 та мураккаб даражадаги саволлар бўлади.

Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар иккинчи босқичга ўтиб, имтиҳон топширишади. Синовда инглиз тилидан грамматика ҳамда ўқиш кўникмаларига эга бўлган саволлар тушади. Математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммоларни ечиш бўйича 40 та, инглиз тили фанидан грамматика ҳамда ўқиш компонентларидан 40 та савол мавжуд.

Н.РАҲМОНОВА,
Ё.МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА