Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий директори Ивана Живкович билан онлайн шаклда мулоқот ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, жумладан, Тараққиёт дастури билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан,  Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш, камбағалликни қисқартириш, демократик давлат бошқарувини мустаҳкамлаш, атроф – муҳитни муҳофаза қилиш,  бозор иқтисодиёти ва инклюзив сиёсатни такомиллаштириш ҳамда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Гендер масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг турли жиҳатлари, хусусан, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, Сенатнинг янги конституциявий ролидан келиб чиқиб, Тараққиёт дастури билан маҳаллий кенгашларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Тараққиёт дастурини асосий халқаро ҳамкор деб биламиз, – деди Сенат раиси. – Мазкур тузилманинг  Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал ташаббусларини халқаро майдонда амалга оширишдаги иштирокини юқори баҳолаймиз. Жамиятда аёлларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қадрлаймиз. Шунга қарамай, олдимизда қонунчилик асосларини такомиллаштириш, самарали методологияни ишлаб чиқиш, гендер тенглик соҳасида янги чора-тадбирларни амалга ошириш каби  ишлар турибди. Биз ушбу ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун биргаликда ишлашга тайёрмиз.

 

Тараққиёт дастури Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга оид лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда.  2020 йилда ЮНИСЕФ, ХМТ ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга бағишланган қўшма дастур ана шундай муҳим лойиҳалардан бири бўлди.

– Ўзбекистон биз учун муҳим стратегик ҳамкор ҳисобланади, – деди Ивана Живкович. – Биз айнан мамлакатингиз билан 30 йилдан бери ишлаётганимиз бежиз эмас. Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида эришилаётган юқори натижалардан яхши хабарим бор ва бу  борадаги саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Истиқболдаги ҳамкорлик режаларга келадиган бўлсак, гендер тенгликни илгари суриш йўналишидаги миллий лойиҳаларни амалга оширишда амалий мулоқотни давом эттирамиз. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласида эса Ўзбекистонда бошқа давлатлар учун намуна қилиб кўрсатадиган илғор натижалар мавжуд ва мамлакатингиз билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни янада кенгайтириш учун барча имкониятимизни ишга солишга тайёрмиз.

Мулоқот якунлари бўйича томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва муҳокама чоғида эътибор қаратилган йўналишлар бўйича лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА