Тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч – илм-фан ва таълим-тарбия. Эртамиз, ёруғ истиқбол, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямизга боғлиқ.
Бугунги кундаги энг муҳим, кўпчиликка қизиқ мавзулардан бири олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари саналади.
Бу борада ўтган йилги ҳаракатлар натижаси, жорий йил кузатиладиган ўзгаришлар ҳақида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори Мажид КАРИМОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– 2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларида 1 миллион 200 минг нафарга яқин абитуриент рўйхатдан ўтиши кутилмоқда, – дейди Мажид Каримов. – Тест синовларининг сўнги уч йилда очиқ турдаги стадион ва хиёбонларда ўтказилиши натижасида тест синовида ишлатилган жавоблар варақларига чанг ва қум ўрнашиб қолиб, уларни ўқишга мўлжалланган оптик қурилмалар яроқсиз ҳолатга келиб қолмоқда.
Бундан ташқари, тест синовларининг очиқ майдонларда ўтказилиши абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун ҳам бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди. Жумладан, абитуриентларни қуёшнинг иссиқ нуридан ҳимоя қилиш мақсадида тест синовлари икки сменада – соат 07:00 дан 10:00 гача ҳамда 19:00 дан 22:00 гача ўтказилди.
Бу эса абитуриентларнинг биринчи сменадаги тест синовларига етиб келиши, иккинчи смена тугагандан кейин эса яшаш манзилларига етиб олишларида муаммолар юзага келишига сабаб бўлди.
Бугунги кунда юртимизда эпидемик ҳолатнинг барқарорлашгани ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёда пандемия якунлангани эълон қилинганидан келиб чиқиб, тест синовларини ёпиқ турдаги катта сиғимли биноларда ўтказиш таклиф этилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилда тест синовларини ўтказиш учун 92 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бинолар танлаб олинди ҳамда уларнинг режа чизмалари тайёрланиб, маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилди.
Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида гуруҳ назоратчилигига номзодларни кенг жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали танлаб олиш йўлга қўйилди.
Шу мақсадда жорий йилнинг январь-феврал ойларида электрон платформа орқали 8 минг 956 нафар талабгор гуруҳ назоратчилигига номзод сифатида рўйхатдан ўтди. Ушбу талабгорлар учун махсус ўқув машғулоти ташкил этилди ва улар ўқув якунида тест синовидан ўтказилди. Синовдан мувафаққиятли ўтган талабгорлар билан суҳбат ўтказилиб, 4 минг нафарга яқини гуруҳ назоратчиси сифатида танлаб олинди.
Бундан ташқари гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида 150 нафарга яқин сурдотаржимон педагогларни тест синовлари жараёнига жалб этиш учун шартномалар тузилди.
Таълим йўналишлари рўйхати ва уларга мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси 2022 йил 21 декабрда маълум қилинган.
Тест топшириқлари сони, баҳолаш мезони ва жавоблар варақаси намунаси 2023 йил 5 майда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.
Абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 20 июндан 20 июлгача (шу куни ҳам) Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтказилади.
Бунда чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш, гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган ижодий имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни рўйхатга олиш 10 июль куни (10 июль куни ҳам) якунланади.
Агентлик томонидан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун доимий хизмат кўрсатадиган 1195 қисқа рақамли мурожаатлар маркази аутсорсинг асосида фаолият юритмоқда.
ЎзА мухбири
Барно МЕЛИҚУЛОВА
ёзиб олди.