Бугун ҳеч бир мамлакат дунёдан ажралган ҳолда, якка ўзи тараққиётга эриша олмайди. Сўнгги йилларда юртимиз жаҳонга очилди. Кўплаб давлатлар билан кенг кўламли, ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Бу юртимизнинг ҳар жабҳада равнақ топишига хизмат қилмоқда.
Сингапур ҳар йили эълон қилинадиган Иқтисодий эркинлик индекси бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Мамлакат хорижий сармояни жалб этишда ҳам пешқадам. Электроника, фармацевтика, солиқ, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам жаҳонда етакчи. Мамлакат дунёда молия маркази дея эътироф этилади. Бугун ҳар соҳада пешқадам бўлган ушбу давлат ҳам жаҳонда ўзига хос ривожланиш йўлини тутаётган давлатлар билан кенг кўламда ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилнинг январь ойи. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент Ҳалима Яқубнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Сингапурда бўлди. Ушбу учрашувдан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама фаоллашди. Ташриф якуни бўйича 3 миллиард 800 миллион долларлик инвестициявий лойиҳалар портфели шакллантирилди. Йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробар ошган. Бугун Сингапур мамлакатимизнинг йирик инвесторига айланди.
Бошқача айтганда, манфаатли ҳамкорлик ўзининг янги даврини бошлади. Яқинда – 2023 йил 23-25 май кунлари давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб жавоб ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ташриф давомида бошқа соҳалар қатори иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ўзаро келишувлар истиқболда юқори натижалар бериши экспертлар, турли соҳа вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Ташрифнинг ишбилрмонлик дастури доирасида Ўзбекистон–Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Сингапур Республикаси делегацияси вакиллари билан суҳбатлашган эдик. Улар савдо, логистика, инновациялар, энергетика, соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболда ўз самарасини беришига ишонишини таъкидлашди.
– Мамлакатимиз компаниялари учун Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланишда кўплаб имкониятларни кўряпмиз, – дейди Сингапур ишбилармонлар делегацияси раҳбари Шаҳзод Насим. – Шу ўринда технологиялар тармоғига ҳам тўхталаман. Кўплаб соҳаларнинг ривожи технологияларга боғлиқ. Бу йўналишда ҳам мутахассисларимиз Юртингизга келди. Шунингдек, “Ақлли шаҳар” ва инфратузилма, таълим ва ишлаб чиқариш соҳалари ҳақида гапирмоқчиман. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг дарвозаси, Осиё ва Европа ўртасидаги транзит коридор саналади. Бундан самарали фойдаланиш лозим. Президентингизнинг январь ойидаги Сингапурга ташрифи давомида кўплаб лойиҳаларга старт берилган. Улар бугун самарали амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар икки мамлакат ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Маълумотларга кўра, Сингапур капитали иштирокидаги қўшма корхоналар охирги олти-етти йилда уч ярим баробарга ортди. Келгусида бу рақамларни янада ошириш мақсад қилинмоқда.
– Форум доирасида тегишли ҳамкорлик шартномасини имзолаганимиздан мамнунмиз, – дейди “Singapore Cooperation Enterprise (SCE)” компанияси раҳбари Конг Ву Ман. – Келишувларимизда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратганмиз. Бу компаниямизнинг Ўзбекистондаги илк ташаббуси саналади. Биз ҳукуматингиз вакиллари билан яна қайси йўналишларда бирга ишлашимиз мумкинлиги ҳақида маслаҳатлашяпмиз. Олдинда катта режаларимиз бор.
Туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Сингапур бозорига мева-сабзавот етказиб беришни йўлга қўйиш муҳокамалар давомида устувор йўналишлардан бири бўлди.
– Ўзбекистоннинг бой тарихи, халқингизнинг анъана ва қадриятлари билан яқиндан танишдик, – дейди Сингапур Республикаси меҳнат вазири – савдо ва саноат иккинчи вазири Ленг Си Танг. – Мамлакатларимиз ўртасида маданий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш учун кўплаб асосларни кўрдик. Бу йўналишлардаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда тарихий обеъктлар бўйлаб сайёҳлар алмашинуви лойиҳаларига эътибор қаратилади. Шунингдек, мамлакатингиз қишлоқ хўжалигида, хусусан, мева-сабзавот етиштиришда ўзига хос тажриба бор. Етиштирилган неъматлардан баҳраманд бўлиш бошқаларга ҳам ёқимли. Умуман, ҳар икки давлатда ҳам бир-биридан ўрганадиган жиҳатлар кўп.
Қувонарлиси, илгари асосан таълим ва савдога йўналтирилган ўзаро ҳамкорлик кўлами бугун ҳар томонлама кенгайди. Бу истиқболда ўзининг юксак натижаларини беришига ишонамиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири