Шу йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллага кирди.
Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 5 июндаги қарори билан Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудова ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланганини маълум қилди.
Сайловолди ташвиқоти қандай қоидалар асосида ташкил этилади?
Демак, бугун, 7 июндан муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайлови кампаниясининг энг муҳим босқичи — сайловолди ташвиқоти бошланади. Хўш, ушбу жараёнлар қандай тартиб-қоидалар асосида ташкил этилиши лозим?
Бу борада Сайлов кодексининг 44-моддасида сайловолди ташвиқотини олиб боришга оид тартиблар ўз ифодасини топган. Унда белгиланганидек, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади.
Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши ҳамда сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмаслиги ҳам ўз ифодасини топган.
Сайловолди ташвиқотида нималар мумкин эмас?
Сайловолди ташвиқоти даврида мумкин бўлмаган, тақиқланган ҳолатлар ҳам мазкур моддада кўрсатиб ўтилган. Яъни, ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш ҳам тақиқланади.
Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар, сайлов комиссиялари аъзолари, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши қатъиян мумкин эмас. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Ташвиқот олиб боришнинг қандай турлари ва шакллари мавжуд?
Сайлов кодексининг 45-моддасида сайловолди ташвиқотини олиб боришда қандай усуллар ва шакллардан фойдаланиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш орқали тарғибот-ташвиқот қилиш мумкин. Номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш орқали ҳам тарғибот олиб борилади.
Бундан ташқари, омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида ҳам ташвиқот олиб борилиши мумкин.
Ташвиқотнинг энг самарали усулларидан бири бу — оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали амалга ошириш ҳисобланади. Бу борада Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” каби Республика газеталарида ҳамда 24 номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланган эди. Сиёсий партиялар ушбу оммавий ахборот воситаларида номзодлар учун тенглик асосида ажратиладиган эфир ҳажми ва нашр майдонидан унумли фойдаланган ҳолда ўз номзодларининг ташвиқотини олиб боришлари мумкин.
Бундан ташқари, яна босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материаллари — плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни чиқариш ҳамда тарқатиш орқали, шунингдек, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА