Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Ўзбекгидрогеология” ДУК раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, марказлашган ичимлик суви таъминотининг 67 фоизи ер ости сувлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 2014 йилга нисбатан 2022 йилда ер остидан сув олиш миқдори республика бўйича 30 фоизга ошган бўлса, айрим вилоятларда бу кўрсаткич жуда юқори. Республика ҳудудида 97 та ер ости сув конлари аниқланган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида сувга эҳтиёж ортиб бораётгани сабабли ер остидан сув олиш миқдори кескин ошган.
2022 йил 7 декабрдаги «Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологиялардан (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқалар) фойдаланилмаганда бурғи қудуқларидан фойдаланишни тақиқлаш вазифасини амалга оширади.
2023 йил 1 апрелдан бошлаб ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома беришнинг амалдаги тартиби ўрнига юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартиби жорий этилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА