Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Президентимизнинг тегишли фармонига асосан ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигининг барча турларини четга олиб чиқиш учун рухсатномалар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан берилиши белгиланди, – деди депутат Шерзод Раҳимов. – Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Жумладан, қонун лойиҳасининг номи “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги деб ўзгартирилди. Қонун лойиҳаси билан Яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси тизимининг субъектларида фаолиятни амалга ошираётган мавсумий ходимларга нисбатан вақтинчалик солиқ имтиёзлари қўлланилиши назарда тутиляпти. Ушбу давр мобайнида соҳадаги мавсумий ишчилар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади. Бундан ташқари, солиқ тўловчиларнинг ипак қурти уруғини ва пиллани етиштиришдан, пиллани қайта ишлашдан, тайёр ипак маҳсулотларини ҳамда ипакчилик тармоғи учун ёрдамчи материалларни ишлаб чиқаришда айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилиши ҳам лойиҳада ўз аксини топмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ имтиёзларини қўллаш орқали пилла хомашёси етиштириш, соҳани янада ривожлантириш, пиллакашлик корхоналарини хомашё билан таъминлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ипакчиликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА