Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасининг Президент сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВларини аккредитациядан ўтказишга оид масалалар муҳокама қилинди.
– Маълумки, Марказий сайлов комиссияси 5 июнь куни сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олган эди, – деди МСК котибияти мудири Х.Маматов. – Сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олингандан сўнг унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Номзоднинг ишончли вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. Номзод 15 нафаргача ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Қонунчилигимизга кўра, ишончли вакиллар Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг сайланиши учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Йиғилишда мазкур масала муҳокама қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илясович Иноятовнинг, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудованинг ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди.
Шунингдек, мажлисда, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилинди ва тегишли Низом тасдиқланди.
– “Cаll-center”нинг асосий вазифаси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида фуқаролар билан реал вақт режимида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, сайлов комиссиялари фаолияти, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборотни фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш орқали етказишдан иборат, – деди МСК аъзоси Г.Исмоилова. – Шунингдек, сайловчиларнинг овоз бериш ва мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, фуқароларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлик даражасини оширишга хизмат қилади. Марказ алоҳида хона ва зарур жиҳозлар, алоқа воситалари, операторлар билан таъминланади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Президент сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг 12 нафар сайловни кузатувчи миссияси вакиллари МСКнинг қарори билан аккредитациядан ўтказилди.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига бўлган мурожаатлардан келиб чиқиб, 39 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 139 нафар вакили аккредитация қилинди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 229 нафарни ташкил этмоқда.
Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров(сурат), ЎзА