Қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунтириш берилган бўлсада, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган.

Қолаверса, соҳада ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган мавжуд эмас. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Бу фикрлар Сенат ялпи мажлисида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.

Сенат раиси Т.Норбоева жамоатчилигимизнинг энг кўп эътиборини тортадиган ва эътирозларини келтириб чиқарадиган ҳолатлардан бири – бу манфаатлар тўқнашувига нисбатан жавобгарлик, ҳуқуқий оқибатнинг йўқлиги эканини қайд этди. Эндиликда янги қонун билан коррупцияга қарши кураш йўналишидаги қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўшлиқлар  ёпилмоқда. Бу йўналишни қонунан тартибга солувчи аниқ механизмлар белгиланмоқда.

– Манфаатлар тўқнашувининг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда, яъни бундай ҳолатда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар суд ҳукми орқали бекор қилинади, – деди Сенат раиси. – Табиийки, бу  манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва шу орқали коррупцияга қарши кураш жараёнини фаоллаштиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, айнан манфаатлар тўқнашуви давлат органларидаги коррупциявий ҳолатларнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Қонун билан манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.

Қонун билан унинг қўлланилиш доираси аниқлаштирилмоқда. Хусусан, давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига, устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс ушбу ходимга алоқадор шахс ҳисобланади.

Энг муҳими, давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланади.

Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар бўлади.

Қонунда давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганликнинг ҳуқуқий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш асослари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг аниқ қонуний механизми бўлади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда давлат назорати амалга оширилишига, давлат хизматчиларининг бевосита раҳбарлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келганда тегишли чоралар кўрилишига, давлат хизматчилари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига хизмат қилади.

 

Н.Абдураимова,  

Н.Ҳайдаров (фото), ЎзА