Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 9 сентябрдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ғузор – Бухоро –Нукус –Бейнеу” автомобиль йўлининг 228 -315 километр (87 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қарорга биноан “А-380 йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган 228-315 километр қисмини қайта қуриш ишлари бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилди. Унда қатнашган Хитой Халқ Республикасининг “China Railway 20 Bureau Group Corporation” компанияси объектнинг цемент-бетон қопламасини қуриш ишларига бош пудратчи этиб тайинланди. Объектнинг тупроқ кўтармаси ва асосларини қуриш ишларида маҳаллий пудратчилар қатнашиши кўзда тутилган.

Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги масъуллари маълумотларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 184,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Ҳозирда пудратчи томонидан умумий узунлиги 101 километр (бир томон), жумладан, Бухоро-Хоразм йўналиши бўйича 66 километр, Хоразм-Бухоро йўналиши бўйича 35 километр йўл қисмида цемент-бетон йўл қуриш ишлари тўлиқ якунланган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида реконструкцияга тушган 15 та кўприкнинг 3 тасида қурилиш ишлари тўлиқ якунланди. Уларда автомобиль ҳаракати йўлга қўйилган бўлса, қолган 12 та кўприкда асосий қурилиш-монтаж ишлари якуний босқичда жадал давом этмоқда.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳудудларда, айниқса маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида Президентимизнинг “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинган,  – дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси Ҳасан Шеров. – Унга мувофиқ, жумладан, Бухоро вилоятида йўл-транспорт инфратузилмасини қайта қуриш ва мукаммал таъмирлаш учун 69 миллиард 650 миллион сўм малағ ажратилган. Шундан 27 миллиард сўм маблағ автомобиль йўллари капитал таъмирига ажратилган. Ҳудуддаги кўприк ва йўл ўтказгичлари қайта қурилишига 42 миллиард 650 миллион сўм сармоя молиялаштирилган.

Мазкур қарор талабидан келиб чиқиб “А-380” русумли “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 368 -километрида, “Ўнг қирғоқ” коллектори устидан янги кўприк қуриш белгиланган. Ишда буюртмачи томони – “Умумий фодаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструция қилиш дирекцияси” ДУК ҳамда пудратчи Навоий кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида шартнома тузилган. Ўтган йили ёз ойларидан бошланган мазкур кўприк қурилишини жорий йилнинг июнь ойида якунлаб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

“Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси кўприксозлари томонидан “А-380” русумли Бухоро ҳалқа йўлининг 14- ва 16-километрларидаги иккита таъмирталаб кўприк иншоотида айни кунда қайта қуриш, капитал реконструкция ишлари жадал давом этмоқда. Бу объектларда ўндан ортиқ махсус техника ва механизм, автокран ва юк автомашиналари кучидан фойдаланган ҳолда қирққа яқин ишчи-мутахассис жонбозлик кўрсатмоқда. Мазкур кўприклар якка ўққа тушадиган юк оғирлиги 13 тоннадан ортиқ бўлган оғир автотранспорт воситаларини ўтказишга мўлжаллаб барпо этилмоқда. Яқин кунларда ншоотларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади. Кўприклар фойдаланишга топширилади.

 

Зариф Комилов,  

ЎзА