Пара сузиш бўйича Франциянинг Лимож шаҳрида ўтаётган жаҳон сериясига кирувчи нуфузли мусобақада юртимизнинг матонатли спортчилари муносиб иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Турнирнинг S13 классида эркаклар ўртасида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида икки нафар ҳамюртимиз совриндорлар сафидан жой олди.
Ислам Асланов 52.40 сония билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медалга сазовор бўлди. 53.19 сония натижа кўрсатган Музаффар Турсунхўжаев делегациямиз ҳисобига бронза медалини қўшиб қўйди. Ушбу йўналишда ғолиблик франциялик спортчига насиб этди.
Мусобақанинг S13 классида эркаклар ўртасида 100 метрга брасс усулда сузиш баҳсларида ҳамюртимиз Фирдавс Мусабеков 1 дақиқаю 7.91 сония натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.
Бу терма жамоамиз аъзоларининг умумий медаллар сонини учтага етишини таъминлади.
Мусобақалар давом этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА