Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон кубоги “G” гуруҳида 2-тур баҳслари бўлиб ўтди. Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ўз майдонида пролига вакили Нукуснинг “Арал” жамоасини қабул қилди.
“Арал” пролига, “Сўғдиёна” эса суперлига вакили, жиззахликлар осонгина ғалаба қозона олади”, деб ўйлаган мухлислар янглишганини ўйин бошлангандан сўнг ҳис қилишган бўлса ажаб эмас.
Баҳс гарчанд Жиззахда ўтаётган бўлсада, тенг курашлар остида кечди. Ҳатто, баъзи жабҳаларда қорақалпоғистонлик йигитлар майдон эгаларидан кўра яхшироқ ўйнади. Ва бу ўйиннинг 33-дақиқасига келиб, ҳисобда ҳам акс этди. “Арал” ҳужумчиси Руслан Қалмагамбетов жиззахликлар ҳимоя чизиғи ва дарвозабон хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очди – 0:1.
Ўйиннинг 65-дақиқасига келибгина бурчакдан узатилган тўпга ҳаммадан баланд сакраган, жиззахликлар таркибида бир неча йиллардан буён тўп суриб келаётган сербиялик ҳимоячи Марко Колакович ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Аммо жиззахлик футбол мухлисларининг қувончи узоққа чўзилмади. Чунки орадан 3 дақиқа ўтар ўтмай, Нукус футболчилари мезбонлар дарвозасини иккинчи бор ишғол қилиб, ҳисобда яна олдинга чиқди. Бу голга Азизбек Умрбеков муаллифлик қилди – 1:2.
Баҳснинг 79-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг яна бир тўпурар легионери Зенан Займович қорақалпоғистонликлар дарвозабони билан яккама-якка чиқиб қолди. Зенан зарбада янглишмади, ҳисоб – 2:2.
Рақибларини менсимай майдонга тушган “Сўғдиёна” жамоаси аъзолари ўз майдонидаги бу дурангдан сўнг, Ўзбекистон кубогининг нимчорак финалига чиқиш масаласини гумон остида қолдиргани шубҳасиз.
Ушбу гуруҳдаги Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Тошкент вилоятининг “Дўстлик” жамоаси дарвозасига 5 та жавобсиз тўп йўллаб, кейинги босқич масаласини ҳал қилди.
Кубок баҳсининг гуруҳдаги 3-турини “Пахтакор” “Арал”га қарши ўтказади. Ушбу ўйинда 1-ўринни сақлаб қолиши учун тошкентликларни дуранг ҳам қаноатлантиради. Шунингдек, ҳар қандай ҳисобдаги дуранг ва ҳатто, кичик ҳисобдаги мағлубият ҳам, мабодо сўнги турда “Сўғдиёна” “Дўстлик”ни йирик ҳисобда юта олган тақдирда ҳам, қорақалпоқ футболчилари 1/8 финал босқичига йўл олади. Ўтган йилги ярим финал иштирокчиси “Сўғдиёна” эса, бу йил гуруҳ ўйинларидаёқ кубок баҳсларини тарк этишга мажбур бўлади. Рақибни менсимай майдонга тушишнинг хунук оқибати, мана шундай аянчли хотима топиши мумкин.
Бугунги ғалабадан сўнг “Пахтакор” Ўзбекистон кубоги нимчорак финал йўлланмасини, муддатидан олдин нақд қилди.
Маълумот учун, Олмалиқнинг ОКМК, Қаршининг “Насаф”, Самарқанднинг “Динамо”, Тошкентнинг “Локомотив”, Наманганнинг “Навбаҳор” ҳамда Ургенчнинг “Хоразм” клублари муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал қилди.
Ушбу жамоаларга Ўзбекистон кубоги баҳсидаги сўнги тур ўртоқлик мақомида ўтиши ҳам мумкин.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА