Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида халқаро стандартлар асосида миллий қонунчилик такомиллаштирилди. Ушбу йўналишда қирқдан ортиқ қонунчилик ва муҳим концептуал ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу асосда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имконият яратилмоқда. Аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлашга, уларнинг таълим олишлари, касб-ҳунар ўрганишларига эътибор кучайди.

Муносиб меҳнат шароитларини бунёд этиш ҳамда аёлларнинг иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида муҳим чоралар кўрилаётир.

Тошкентда ташкил этилган “Ўзбекистонда гендер тенглик ва муносиб меҳнат йўллари” мавзуидаги халқаро конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда  халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг юздан ортиқ мутахассис ва экспертлари, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сингари гендер тенгликни таъминлаш бўйича ҳам муҳим қадамлар қўйилганини қайд этди.

Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77 фоизни, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизни ташкил этмоқда, 2 минг нафарга яқин хотин-қиз давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Хотин-қизларнинг таълим олишлари учун имкониятларнинг кенгайтирилиши натижасида олий таълим муассасаларида таълим олаётган хотин-қизлар сони 6 баробарга кўпайди. Хусусан, бакалавр йўналишида ўқиётган хотин-қизлар улуши 38 фоиздан 49 фоизга, магистратура босқичида ўқиётганлар эса 37 фоиздан 50 фоизга ортди.

Халқаро экспертлар томонидан мамлакатимизда меҳнат муносабатлари тизими тубдан ислоҳ қилингани ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, муносиб меҳнат принциплари доирасида аҳолининг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани юқори баҳоланмоқда.

– Янгиланган Конституцияга мувофиқ ижтимоий давлат асослари мустаҳкамланди, энг аввало, ҳар бир шахснинг эътиборда бўлиши, муносиб иш билан таъминланиши назарда тутилди, – деди Т.Норбоева. – Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг кучга киргани юртимиздаги ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтирди. Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги мазкур янги қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топди. Ҳар бир фуқаро, айниқса аёллар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун қабул қилинди. Оилавий зўравонликнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Бунда кенг жамоатчилик, фуқаролик институтлари вакиллари билан бирга ҳаракат қилингани ўз самарасини берди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Консуэло Видаль Брюс Ўзбекистон халқаро ҳамкорликда муҳим қадамлар қўяётганини эътироф этди. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича сезиларли ютуқларга эришилмоқда.

Конференцияда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик муваффақиятли кечаётгани қайд этилди.

2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегиясининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни тизимли, муайян мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга оширишга имкон яратмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси директори Ольга Кулаева Ўзбекистон меҳнат бозорида хотин-қизларга кенг имкониятлар яратилаётгани гендер тенглик таъминланиши натижаси эканини қайд этди.

Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда қабул қилинган Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган дастур, меҳнат соҳасидаги ҳамда ишлаб чиқариш ва техник йўналишлардаги халқаро стандартларни мамлакат иқтисодиётига кенг татбиқ этиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳим ўрин тутмоқда.

Тадбир якунлари бўйича халқаро конференция иштирокчиларининг гендер тенгликни таъминлаш, муносиб меҳнат принципларини кенг татбиқ этиш бўйича тавсиялари ишлаб чиқилди.

Унда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларни тазйиқлардан ҳимоялашга эътибор қаратилди. Хотин-қизларнинг таълим олишлари тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, улар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат  шароитларини яратишга урғу берилди. Меҳнат учун муносиб ҳақ тўлаш ва норасмий бандликни қисқартириш ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни татбиқ этиш ишларини тизимли давом эттириш бўйича аниқ вазифлар белгилаб олинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА