Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувдаги солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини жадаллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 17 мартдаги қарорига асосан, қарздор “QARAQALPAQ SUW TAMIYNATI“ масъулияти чекланган жамиятидан, ундирувчи Тахтакўпир туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 2 млрд. 825,6 млн. сўм ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Тахтакўпир туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Бўлим томонидан ижро иши қўзғатилган.

Ушбу ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида, қарздор жамиятнинг банк ҳисоб рақамига электрон инкасса топшириқномаси қўйилиб, ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 2023 йил 15 майда ушбу ижро ҳужжати бўйича кўрсатилган 2 млрд. 825,6 млн. сўм қарздорлик Бюронинг Тахтакўпир туман бўлими томонидан амалда тўлиғи билан ундирилиб, ижро ҳужжати тамомланган.

Шунингдек, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг 2023 йил 27 мартдаги қарорига асосан, қарздор “ERIELL O.S.MIDDLE EAST DMCC ПУ”дан давлат фойдасига 1 млрд. 435,6 млн. сўм солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Мўйноқ тумани бўлими иш юритувига 6 апрелда келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор томон ижро ҳужжати талаблари билан таништирилган ва қарздорликни ихтиёрий бартараф қилиш учун муддат берилган. Шунингдек, банк ҳисоб рақамларига электрон инкасса қўйилиб, банд солинган.

Натижада, қисқа муддатда 1,4 млрд. сўм қарздорлик  ундирилиб, ижро ҳужжати тамомланган.

М.Қосимова, ЎзА