Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер бошчилигидаги делегация Оролбўйига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, минтақанинг етакчи корхоналари ва Германия компаниялари  ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, минтақани ривожлантиришга кўмаклашиш соҳасидаги қўшма лойиҳалар билан танишилади.

Делегация иштирокчилари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қабул маросими ўтказилди. Унда Жўқорғи Кенгес раиси А.Оринбаев меҳмонларни Оролбўйига ташрифи билан қутлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экологик мураккаб шароитда яшаб келаётган ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини камайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга жорий йилнинг 2-3 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан расмий ташрифи муваффақиятли ўтганлиги ҳам эътироф этилди.

Германия Федератив  Республикасининг мамлакатимиздаги  Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов билан учрашди. Унда мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш,  амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари билан танишиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Меҳмонлар Қорақалпоғистон тиббиёт институтида ҳам бўлди. Институт ректори тиббиёт фанлари доктори, профессор О.Атаниязова талабалар кампуси ҳамда олий ўқув юрти клиникаси фаолияти тўғрисида маълумот берди. Элчи клиникада даволанаётган беморлар ҳамда талаба ёшлар билан суҳбатлашди. Келажакда Германия тиббиёт олий таълим муассасалари билан малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу орқали профессор-ўқитувчилар, илмий ходимларининг илмий ва академик тажрибасини ошириши учун имконият яратиш борасида таклифлар билдирилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири