Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Eвропа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши доирасида Халқ банки MasterCard халқаро тўлов тизими компанияси билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзолади. Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган мазкур ҳужжат Халқ банки томонидан Ўзбекистонда MasterCard карталарини чиқариш учун йўл харитасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади.

Ҳамкорлик доирасида MasterCard турли эксперт ва тренинг дастурлари орқали банк ходимларининг тўлов тизимлари билан ишлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда киберхавфсизлик бўйича малака ва тажрибасини оширишда кўмак беради.

MasterCard тўловлар соҳасида глобал технологик компания бўлиб, транзакцияларни хавфсиз, содда, ақлли ва арзон қилиш орқали ҳамма учун ҳамма жойда фойдали бўлган инклюзив рақамли иқтисодиётни шакллантириш ҳамда ривожлантириш асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Хавфсиз маълумотлар ва тармоқлардан фойдаланган ҳолда MasterCard инновациялари ва ечимлари жисмоний шахслар, молия ташкилотлари, давлат идоралари ва корхоналарига ўз имкониятларини амалга оширишда ёрдам беради.

Ўзбекистоннинг биринчи банкларидан ҳисобланган Халқ банки молия бозорида 1875 йил 10 майдан буён фаолият юритиб келмоқда. Банкнинг 300 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчалари, 3000 дан ортиқ банкоматлари мавжуд бўлиб, улар географик қамрови бўйича мамлакат молия бозорида етакчи ҳисобланади. Молия муассасаси Ўзбекистон бўйлаб 10 миллионга яқин банк хизматлари истеъмолчиларига хизмат кўрсатади.

ЎзА