Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 18 апрель куни “KITF – 2018” халқаро туризм ва сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Ўн саккизинчи бор ташкил этилаётган форумда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган қатор сайёҳлик компания ва фирмалар вакиллари иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро кўргазма Марказий Осиё давлатларининг туризм саноати ютуқлари ва имкониятлари намойиш этиладиган йирик халқаро ярмаркалардан бири. “KITF” Бутундунё кўргазма саноати ассоциациясининг сифат кўрсаткичига эга. Ярмаркада доимий равишда дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатидан келган сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва мутахассислари иштирок этиб келади.

“Ўзбекистон” миллий стенди остида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, рангба-ранг урф-одат ва анъналари, миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилмоқда. Ижодий жамоаларнинг бадиий чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотаётир. Ярмаркага ташриф буюрувчилар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан танишиш имконига эга бўлмоқда.

Уч кун давом этадиган кўргазмада ўзбек миллий таомлари тайёрланиб, “келин салом” маросими саҳналаштирилган тарзда намойиш этилади. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси сайёҳлик саноатида етакчи қатор ташкилот ва компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.

 

ЎзА