Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023” ва “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари Power Uzbekistan 2023” халқаро кўргазмалари очилди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ  ҳамда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори – “ICA Eurasia” томонидан ташкил этилган кўргазмаларда  22 давлатдан 270 дан ортиқ компания ва корхоналар қатнашмоқда.

Айтиш жоизки, бугунги кунда дунё бўйлаб энергетика саноатида катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, соҳада трансформация жараёнлари ва  “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби янгиликлар эса маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчиларни бир мақсадга бирлаштиради. Бунда эса соҳага доир кўргазмалар энг муҳим мулоқот майдонини яратиб беради.

Кўргазма фаолияти билан танишиш жараёнида тадбир ташкилотчилари ва иштирокчилар билан суҳбатлашдик.  Улар учун Ўзбекистонда анъанавий ўтказилиб келинаётган кўргазмалар ҳамкорлар топишда ва маҳсулотларининг бошқа бозорларда ўз ўрнини эгаллашида жуда катта имконият яратиб беришини қайд этди.

– Ўзбекистон «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш жараёнида фаол иштирок этмоқда, – деди «Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоева. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида қабул қилинган стратегияга мувофиқ,  муқобил манбалардан олинадиган энергия улушини 2026 йилга қадар умумий ишлаб чиқариш ҳажмида 25 фоизга етказиш режалаштирилаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан энергетика соҳасидаги бундай муҳим тадбирларни ўтказиш саноатнинг сўнгги янгиликлари ва ривожланиш тенденцияларини акс эттирувчи воқеалар сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форумининг ягона форматга бирлаштирилган барча тадбирларнинг асосини бу йил ўзининг 25 йиллигини нишонлаётган «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU» халқаро кўргазмаси ташкил этди. Ушбу кўргазманинг нефть-газ, тоғ-кон ва энергетика тармоқларини ривожлантиришда алоҳида ҳиссаси бор, десак ўринли бўлади.

«Ўзбекистон нефть ва гази – OGU» халқаро кўргазмаси мамлакатимизда 1997  йилдан бўён ўтказиб келинмоқда. Ушбу кўргазма чорак аср давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қўллаб-қувватланган. Бу йил эса дунёда табиий газ қазиб олиш бўйича 11-ўринни эгаллаб турган мазкур ташкилот кўргазманинг бош ҳомийси ва қатор тадбирлар ташкилотчисидир.

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг  маҳаллийлаштириш ва кооперацион алоқаларни кенгайтириш департаменти ходими Жамолиддин Умрзоқовнинг қайд этишича, ушбу кўргазмалар ишлаб чиқарувчиларни улкан мақсадларга ундаши билан янада аҳамиятли. Негаки, мамлакатимиз нефть-газ саноати бугунги кунда жадал суръатларда ривожланиб бораётган ва инновацион жараёнлар кенг жорий қилинаётган иқтисодиётнинг муҳим тармоғи ҳисобланади.

– Бугунги кунда мамлакатимизда инвестиция сиёсатининг асосий мақсади иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида инновацион фаолликка қаратилган. Бунда тармоқларни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш устувор вазифалардир. Шундан келиб айтадиган бўлсак, бугунги давр ишлаб чиқарувчиларга замонавий ва илғор технологиялар талабини қўймоқда. Дунёнинг турли давлатларидан келган ишбилармонлар ўзининг қатор янгиликларини тақдим этаётган ушбу намойишда айнан шу эҳтиёжни қоплаш чораларини кўришга кенг йўл очиб беради. Масалан, унда “Газпром”, “Лукойл”, “Socar”, “WorleyParsons”, “Honeywell”, “Indorama”, “Татнефть”, “Siemens Energy”, “Huawei” каби нуфузли компаниялар қаторида 40 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар илк бор қатнашмоқда. Шунингдек, бугун кўргазма аввалида республика энергетика соҳаси ходимлари ўртасида “UNG YOUTH MARATHON” ёшлар марафони ўтказилди. Ёш олимлар семинарида эса соҳа ёшлари нефть ва газ саноати бўйича ўз илмий ишлари натижалари бўйича тақдимотлар ўтказишди. Албатта, уларнинг келгуси ишларида бу каби кўргазма ва семинарлар муҳим аҳамият касб этади, –деди Ж.Умрзоқов.

Кўргазма иштирокчилари орасида Канаданинг “Stream-Flo Industries Ltd” компанияси ҳам бор. Компаниянинг халқаро савдо бош менежери Дейв Олмстед ушбу кўргазмадан катта натижалар кутаётганини айтиб ўтди.

– Компаниямиз 62 йилдан буён халқаро бозорда ўз ўрнига эга. Мақсадимиз мижозларимиз билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва улар дуч келадиган мураккаб муаммоларга мослаштирилган ечимларни тақдим этиш орқали энергетика саноатига фойда келтиришдир. Компаниямиз жаҳон нефть ва газ саноати учун қудуқ боши клапанлари, шлюзив клапанлар, назорат клапанлари ва сирт релеф клапанларини ишлаб чиқаради. Шунингдек, бизнинг бир марталик хизматларимиз далага техник хизмат кўрсатиш ва ўрнатиш, таъмирлаш, мижозлар мулкини бошқариш кабиларни ўз ичига олади.  Шу кунга қадар компания 50 давлатга ўз маҳсулотини етказиб бермоқда. Мамлакатингизда ўтказилаётган ушбу кўргазмада биринчи маротаба қатнашяпмиз ва бу намойишдан ҳамкорлар топиш ниятимиз бор, – деди Дейв Олмстед.

Ўз навбатида, “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари Power Uzbekistan 2023” халқаро кўргазма ва «Яшил энергетика технологиялари – GETCA 2023» ихтисослаштирилган бўлими ҳам иштирокчилар эътиборини тортмоқда.

Таъкидлаш керакки, кейинги пайтда мамлакатимиз энергетика тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Электр ва газ таъминоти объектларини замонавийлаштириш, янги электр узатиш  объектлари қурилиши, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни татбиқ этиш ишлари шулар жумласидандир.

– Шу боис, “Power Uzbekistan 2023”   доимий равишда мутахассислар, экспертлар, бизнес ҳамжамияти вакиллари, шунингдек, давлат тузилмалари эътиборини тортмоқда, – деди «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Файзулла Шоисматов. – Мазкур кўргазмада “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳам ўз стенди билан иштирок этаяпти. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган жами электр энергиясининг салкам 85 фоизи “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳиссасига тўғри келади. Унинг филиаллари томонидан ўтган 2022 йилда ишлаб чиқарилган электр ва иссиқлик энергияси ҳажми 17,9 триллион сўмни ташкил этиб, режа кўрсаткичи 103,8 фоизга бажарилди. Акциядорлик жамияти аҳоли, ижтимоий-иқтисодий тармоқларнинг электр энергиясига бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга қаратилган ишларни амалга оширишни ўзининг устувор вазифаларидан деб билади.

Кўргазмалар 20 май куни ўз ишини якунлайди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА