Сўнгги саккиз йил сайёрамиз тарихидаги энг иссиқ давр бўлди, Европа ва Хитой ўтган йили шу вақтгача кўрмаган жазирама ёзни бошидан кечирди. Метеорологлар бу ҳали бошланиши, олдинда иқлим ўзгариши билан боғлиқ янги катаклизмларга гувоҳ бўламиз, деб огоҳлантирмоқда.

БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) чоршанба куни ўзининг янгиланган ҳисоботини эълон қилди.  Ҳисоботда айтилишича, 2023-2027 йилларда ўртача ҳарорат ўтган беш йилликдаги ўртача ҳарорат билан таққослаганда юқори бўлади, 2016 йил тарихдаги энг иссиқ ҳарорат, деб қайд этилган  рекорд кейинги беш йилликда янгиланади.

“Сайёрамизда ҳарорат кўтарилишда давом этади, биз кўниккан одатий иқлим тарихга айланиб боради”, – дейди мазкур ҳисобот муаллифларидан бири об-ҳавошунос олим Леон Хермансон.

Иқлим исишининг асосий сабаби, энг аввало,  инсониятнинг ўзи ҳисобланади. У ҳозирча ўз фаолияти туфайли юзага келаётган муаммоларни бартараф қилишга қодир эмас, дея қўшимча қилади ЖМТ бош котиби Петтери Таалас.

“Хулоса шуки, биз ҳали ҳам глобал исишни тўхтата олмаяпмиз ва тескари томонга ҳаракат қилмоқдамиз. Инсон соғлиғи, атроф-муҳит, арзон озиқ-овқат ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ортиб боради. Бунга тайёрланишимиз керак” , – дейди Таалас ўз башорати хусусида гапирар экан.

Қурғоқчиликлар, қаҳратон қиш совуқлари, довуллар, ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинлари натижасида сайёрамизда қашшоқлик ортади, мажбурий кўчишлар ва ортиқча харажатлар кўпаяди. Бу, шундоғам, коронавирус пандемияси, ҳарбий можаролар натижасида юзага келган энергетика ва озиқ-овқат инқирозини янада кучайтиради.