АҚШ НАТО сафига янги қўшилган Финляндия билан мудофаа соҳасида икки томонлама музокаралар олиб бормоқда. Агар келишувга эришилса, Қўшма Штатлар Қуролли кучлари Финляндия ҳудудидан ҳарбий-ўқув курслари ташкил этиш ва техникани жойлаштириш имкониятидан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда финларнинг “Helsingin Sanomat” газетаси хабар берди.
Музокаралардан бири ўтган ҳафта Хельсинки – Катаянокке районида бўлиб ўтган. Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги сиёсий бўлим раҳбари Микаэль Антелл келишув матни иттифоқчилар томонидан унинг ижобий ҳал этишга йўналтирилган тарзда муҳокама қилинаётганини таъкидлади.
Президент Саули Ниинистё келишув ҳақида Финляндия хавфсизлигини максимал даражада ошириш йўли сифатида гапирди ва Қўшма Штатлар бу масалада муҳим омил эканини қайд этди.
Финляндия 4 апрель куни НАТОнинг 31-аъзоси этиб тасдиқланган эди. Натижада Шимолий Атлантика альянсининг Россия билан умумий чегараси икки баробарга кўпайган ва у 2600 километрни ташкил этганди.
Шунингдек, аввалроқ Финляндия Россия билан чегарада девор қуришни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
ЎзА