Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған бешинчи авлод миллий жанговар самолётининг номини эълон қилар экан, энди Туркия қуруқликда ҳам, денгизда, ҳавода ва коинотда ҳам ўз ўрнига эга мамлакат, деб баёнот берди.
Эрдоған жанговар самолётнинг номини KAAN, деб маълум қилди.
“Бугун биз мудофаа ва аэрокосмик саноати соҳасида навбатдаги тарихий кунга гувоҳ бўлмоқдамиз”, – деди Туркия етакчиси Анқарада сўзга чиқиб.
Унинг таъкидлашича, “ҳозирда Туркия барча соҳада, қуруқликда, денгизда ва сувостида, ҳаво ва коинотда ўз ўрнига эга бўлган мамлакат ҳисобланади”.
Эрдоғаннинг қайд этишича, самолёт энг сўнгги техника ютуқлари билан жиҳозланган, юксак даражада ҳаракатланиши, нишонни юқори даражада аниқ уриши ва бошқа устунликларга эга.
Ўтган йил декабрда Anadolu агентлиги Туркияда дунёда биринчи лазер қуролига эга бўлган Eren дрони яратилгани ҳақида ёзганди. Дрон 500, 300 ва 100 метрлик масофада нишонни аниқ ургани айтилган эди.
Eren дрони TÜBİTAK ва Asisguard мудофаа компаниялари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, масофадан туриб лазер қуроли орқали портловчи воситаларни зарарсизлантира олади. Eren 3000 метр баландликка кўтарила олади.