Абдурашид Абдуқодиров олий таълим муассасаларидаги контракт тўловини тўлашда қулай имкониятлар яратиш ҳамда харажатларни камайтириш ҳисобига тўлов миқдорини камайтириш, шунингдек, олий таълим муассасаларига талабалар қабулини табақалаштирилган тўлов-контракт асосида амалга ошириш таклифини илгари сурмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодировнинг оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги айни мавзудаги фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Абдурашид Абдуқодиров олий таълим муассасаларидаги контракт тўловини тўлашда қулай имкониятлар яратиш ҳамда харажатларни камайтириш ҳисобига тўлов миқдорини камайтириш, шунингдек, олий таълим муассасаларига талабалар қабулини табақалаштирилган тўлов-контракт асосида амалга ошириш таклифини илгари сурмоқда.
Хўш, ушбу таклифлар нималардан иборат ва у одамларга нима беради?
– Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига қабул квотасининг 30 фоизга яқин қисмини давлат гранти ташкил этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров. – Амалдаги тартибга кўра, тўлов-контракт маблағларининг ярмидан кўпи талабанинг ўзига стипендия сифатида қайтариб берилса, қолган қисми ўқитишнинг бошқа харажатлари учун йўналтирилади.
Бироқ ҳар йили мамлакатимизда юзлаб ёшлар контракт тўловларини тўлай олмагани оқибатида талабалар сафидан четлаштирилаётгани, яна минглаб оилалар контракт тўловларини тўлашда қийинчиликларга дуч келаётганини барчамиз яхши биламиз. Шунинг учун, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таътил ойларида талабаларга стипендия тўламасдан, харажатларнинг камайиши ҳисобига, барча таълим йўналишлари бўйича бир ўқув йили учун тўлов-контракт маблағлари миқдорини ўртача энг кам иш ҳақининг уч баробари (тахминан 510 минг сўм) миқдорида камайтириш; ўқув йилининг навбатдаги ярим йили бўйича стипендия тайинланган ҳар бир ой учун стипендиянинг энг кам иш ҳақининг бир ёки бир ярим баробаридан ортиқча қисми ҳисобидан ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт маблағи миқдорини камроқ тўлаш тартибини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
Бу эса бир ўқув йили учун, эътибор беринг, контракт тўловини 1,6 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмгача камроқ тўлаш имконини беради. Талаба ёки унинг ота-онасининг аввалдан тўлаган контаркт тўлови маблағи ҳисобидан, кейинчалик унинг бир қисмини стипендия қилиб берилаётганини инобатга олсак, юқоридаги таклифни амалиётга жорий этиш адолатлироқ бўлади ҳамда талабалар ва уларнинг ота-оналари учун катта қулайликлар яратади.
Шунингдек, ушбу таклиф лойиҳасида, тўлов-контракт шартномаси асосида қабул қилинган энг кўп балл тўплаган талаба ҳам, энг кам балл тўплаган талаба ҳам бир хил миқдорда тўлов-контракт маблағини тўлаётгани натижасида абитуриентларнинг юқори балл тўплашга бўлган интилишларининнг камайишига олиб келаётганлиги сабабли олий таълим муассасаларига талабалар қабулини табақалаштирилган тўлов-контракт асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, таълим йўналиши бўйича ажратилган квота асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг, қоида тариқасида, юқори балл тўплаган биринчи 12 фоизи тўлиқ давлат гранти асосида, талабаликка тавсия этилган кейинги ҳар 12 фоиз абитуриентлар белгиланган тўлов-контракт маблағи миқдорининг мос равишда 35, 60 ва 80 фоизини, қолган 52 фоиз абитуриентлар эса тўлов-контракт маблағи миқдорининг 100 фоизини тўлаш асосида ўқишга қабул қилиниши назарда тутилмоқда.
Ушбу таклифни соддароқ тушунтирадиган бўлсак, амалдаги тартибга кўра, бир таълим йўналишига қабул қилинган 100 нафар талабанинг 27 нафари давлат гранти асосида, қолган 73 нафар талабанинг ҳар бири, мисол учун ўртача 7 миллион 250 минг сўмдан тўлаб (жами 529 250 000 сўм) ўқийди. Таклифга кўра эса, тўплаган баллига қараб дастлабки 12 нафар талаба тўлиқ давлат гранти ассосида, кейинги 12 нафар талаба тўлов контракт миқдорининг 35 фоизини ёки 2 миллион 538 минг сўм, кейинги 12 нафар талаба тўлов контракт миқдорининг 60 фоизини ёки 4 миллион 350 минг сўм, навбатдаги 12 нафар талаба эса тўлов контракт миқдорининг 80 фоизини ёки 5 миллион 800 минг сўм, қолган 52 нафар талаба эса тўлов контракт миқдорини тўлиқ яъни, 7 миллон 250 минг сўмини тўлайди.
Агар таклифнинг контракт тўловини камайтириш бўйича билдирилган қисми инобатга олинса, юқоридаги контракт тўлови миқдорлари яна ҳам камаяди. Ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда абитуриентларнинг юқори балл олиш учун билимли бўлишлари янада рағбатлантирилади; тўлов-контракт маблағларини тўлашда фуқароларга тушадиган юк камаяди; тўлов-контрактдан тушадиган маблағ умумий маблағга нисбатан жами 0,5 фоизга, яъни 6 млрд. сўмга яқин миқдорда ортади ҳамда тўлов-контракт пулини 100 фоиз тўлайдиган талабалар сонини 20 фоиз камайтиришига эришилади.
ЎзА мухбири Воҳид Луқмонов ёзиб олди