Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинлари олдидан иштирокчи давлат делегациялари раҳбарлари учун семинар ташкил этилди. Икки кун давом этган семинарда ташкилий қўмита вакиллари томонидан мусобақани ўтказиш бўйича сўнгги талаблар, делегацияларни кутиб олиш ва кузатиш, транспорт-логистика йўналишлари, иштирокчи давлатларга яратиладиган шароитлар, COVID-19 инфекциясига қарши курашиш юзасидан талаблар бўйича тушунтириш берилди.

Маълум қилинишича, Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида ҳар бир мамлакатдан 1 нафардан эркак ва аёл спортчи байроқдор бўлиши белгиланган. Гендер тенгликни таъминлаш мақсадида катта комплекс мусобақаларда қўлланилаётган ушбу амалиёт ўйинларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ташкилий қўмита хабарига кўра, 27 июль куни жамоавий спорт турларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.

Шунингдек, делегация вакиллари учун беллашувлар ўтказиладиган спорт объектлари ва Олимпия шаҳарчаси бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Мазкур семинарда иштирок этаётган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутахассислари Ханчжоуда Олимпия ўйинларига мўлжалланган мажмуалардаги шарт-шароитлар билан танишиш асносида қитъавий ўйинларни ташкил этиш борасидаги Хитой тажрибасини ўрганди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА