Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан жорий йил 24-26 апрель кунлари “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилади.
Конференцияда Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Умумевропа ҳудудий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилотларнинг ҳамда хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, 30 дан ортиқ давлатнинг эксперт ва олимлари иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Кўзланган асосий мақсад – Ҳаракатлар стратегияси асосида юртимизда кейинги бир ярим йил давомида амалга оширилаётган фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этиш борасидаги тизимли ислоҳотлар, уларнинг ижобий натижалари билан иштирокчиларни кенгроқ таништиришдан иборат.
Анжуман доирасида хорижий иштирокчиларнинг Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларига ташрифлари режалаштирилган. Шунингдек, халқаро экспертлар юртимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат ва инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг натижаларини оддий одамлар ҳаётида ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлади.
Халқаро конференция бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш билан шуғулланувчи анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикр ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўтайди. Анжуманнинг айнан шу форматда ўтиши Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда илғор халқаро ва хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ қилишга тайёрлигини намоён этади.
Бу маълумотлар бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида конференцияга бағишлаб ўтказилган бирифингда айтилди.
Назокат Усмонова, ЎзА