Аввал хабар берганимиздек, Давлатобод туманидаги «Дўстлик» спорт мажмуаси кортларида 14-18 ёшдаги қизлар ва ўғил-болалар ўртасида бир ҳафта давом этган теннис бўйича «ITF Juiors Js Tournament» халқаро турнири ниҳоясига етди.
Мусобақада иштирок этиш учун юртимиз теннисчиларидан ташқари, Италия, Буюк Британия, Туркия, Руминия, Австралия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон каби давлатлардан юздан зиёд ёш ракетка усталари ташриф буюрди. Саралаш ва асосий тўр беллашувларини ғалаба билан якунлаган спортчилар ҳал қилувчи баҳсларда ғолиблик учун кортга чиқди.
Ўғил болалар ўртасида яккалик финалида Россия Федерацияси вакили Савва Рубкинни 7:6(3), 7:5 ҳисобида мағлубиятга учратган италиялик Филиппо Галлерио бош совринни қўлга киритди. Жуфтлик беллашувларида эса ҳамюртларимиз финалда иштирок этди. Унда Бобурмирзо Ёқубжонов/Бобур Мадаминов тандемидан 6:2, 1:6, 10:3 ҳисобида устун келган Илья Игнатев/Азиз Мадатов жуфтлиги зафар нашидасини сурди.
Қизлар иштирокидаги яккалик финал ўйинида россиялик Екатерина Тупитцина ватандоши Василиса Куприяновани икки сетга кўра, бир хил – 6:1, 6:1 ҳисобида таслим этиб, ғолиблар сафидан ўрин олди. Ушбу спортчи жуфтликда қозоғистонлик Малика Амиргалиева билан бирга ҳам муваффақият қозонди. Улар финалда россиялик спортчилар Анна Баздерова/Мария Душак жуфтлигига имкон қолдиришмади. Ҳисоб – 6:3, 6:2.
Халқаро турнир ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон теннис федерацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан муносиб равишда рағбатлантирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА