Италия чемпионати (А Серия) 28-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу турда «Специя» ўз майдонида «Салернитана»ни қабул қилиб, Элдор Шомуродовнинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди.

Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов айни пайтда «Специя» сафида ижара асосида тўп сурмоқда.

Учрашув 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди. Икки гол ҳам «Специя» футболчилари томонидан киритилди. 44-дақиқада «Специя» вакили Кальдара рақиб ҳужумини қайтаришда хатоликка йўл қўйиб, кутилмаганда тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб қўйди – 0:1.

Иккинчи бўлим “Специя” жамоаси устунлигида ўтди. Кетма-кет уюштирилган ҳужумлар 70 -дақиқада ўз самарасини берди. Элдор Шомуродов ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Аҳамиятлиси, Шомуродов бу мавсум нафақат «Специя», балки Италия чемпионатидаги илк голига муаллифлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Элдор Шомуродов «Рома» таркибида рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Ушбу гол Европа лигаси доирасидаги беллашувда киритилганди.

 

ЎзА