Чирчиқда оғир атлетика бўйича ёшлар ва катталар ўртасида давом этаётган Ўзбекистон чемпионати юртимизда жаҳон чемпионлари ва Олимпия ўйинлари ғолибларига муносиб рақобат кўрсатадиган ёшлар етишиб келаётганини кўрсатмоқда.

Кеча аёллар ўртасида 87 ва +87 килограмм ҳамда эркаклар ўртасида 96 ва 102 килограмм вазнда кечган баҳслар бунга ёрқин мисол бўлди, дейиш мумкин. Биргина жаҳон чемпиони ва рекордчиси, Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нурудинов иштирок этган 102 кило оғирликда Қурбонмурод Намозовнинг чиқиши номдор спортчимизга муносиб рақобатчи камолга етаётганини кўрсатди.

Гарчи Нурудинов 360 (165+195) килолик кўрсаткич билан мамлакат чемпионлигини тантана қилган бўлса-да, Қашқадарё оғир атлетика мактаби тарбияланувчиси Намозов даст кўтариш ва икки курашда 2-ўрин билан кифояланган ҳолда силтаб кўтаришда Русландан 5 кило ортда қолганлиги мусобақанинг ўзига хос шов-шувли ҳолати бўлди. Шу ўринда айтиш лозимки, Намозовда бироз тажриба етишмагани, ҳаракатлар тактикасидаги ноаниқлик уни кумуш медаль билан чекланишига олиб келди.

Худди шунингдек, яна бир номдор спортчимиз Турсуной Жабборова иштирок этган +87 килограммдаги курашлар ҳам қизиқарли кечди. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, катталар ўртасида дунё биринчилиги совриндори, “Ислом бирдамлиги” ўйинлари олтин медаль соҳиби Турсуной Жабборова 240 кг (110+130) натижа билан 1-ўринни эгаллаган бўлса-да, навоийлик Севинч Норқобилова 190 кг (85+105) ҳамда андижонлик Лола Абдурашидова 180 кг (80+100) муносиб рақобат ҳосил қилди, дейиш мумкин.

Чемпионатнинг олтинчи кунги натижаларига кўра, хоразмлик Камола Каримова,  Лайло Ҳурсанова,  навоийлик Миржаҳон Юсупов, Тошкент вилояти вакили Суннат Ўсаров каби спортчилар ғолиблик шоҳсупасидан жой олишди.

Бугун, 31 март куни мамлакат чемпионатининг сўнгги кунида оғир атлетикачилар 109 кг ва +109 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионлиги учун супага чиқишади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА