Маълумки, жорий йилнинг 20 май – 11 июнь кунлари Индонезиянинг 6 та стадионида футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионати ўтказилиши керак эди. Аммо, Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадиган мазкур мусобақада Исроил терма жамоаси қатнашиши билан боғлиқ норозиликлар сабабли Халқаро футбол ассоциацияси(ФИФА) ушбу мусобақанинг Индонезияда ўтказилишини бекор қилди.

Бу ҳақда кеча Халқаро олимпия қўмитаси аъзолари, ФИФА президенти Жанни Инфантино ва Индонезия футбол ассоциацияси раҳбари Эрик Тоҳир ўртасидаги учрашув жараёнида маълум қилинди.

Вазиятнинг бундай ечимга келиши оқибатида 24 жамоа иштирокидаги жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими кечиктирилди.

Бироқ, 52 ўйиндан иборат чемпионатнинг ўтказилиш муддати ўзгаришсиз қолиши, яқин кунларда ушбу жаҳон чемпионатини қабул қиладиган давлат номи эълон қилиниши ФИФА мутасаддилари томонидан билдириб ўтилди, дейилади ФИФА ахборотида.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА