Жиу-житсу бўйича 2-дан қора белбоғ соҳиби бразилиялик Дайлтон Олмейда дост Сонтос қорақалпоғистонлик спортчилар учун маҳорат дарслари ўтказди.

Нукус шаҳридаги 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган маҳорат дарсларида хорижий мутахассис ўз билим ва тажрибасини намойиш этди. Дарсларда Бухоро Жиу-житсу федерацияси вакиллари ҳам иштирок этиб, меҳмонга ўзбекистонлик ёш спортчиларнинг ютуқлари ҳақида маълумот берди.

–Ушбу спорт турига 2021 йилда асос солинган бўлса ҳам, спортчимиз Ҳумоюн Ҳошимов 2023 йил 24-28 феврал кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 77 килограмм вазн тоифасида барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, олтин медали соҳиби бўлди, – дейди Ўзбекистон Жиу-житсу федерацияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Расул Болтабоев. –Спортчиларимиз жорий йилнинг июль ойида Монголияда катталар ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати, август ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги мусобақаларига тайёргарлик кўрмоқда. Хорижий мутахассислар иштирокидаги бундай маҳорат дарслари ёшларнинг ушбу спорт турига қизиқишини ошириб, улар сафининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Бугунги кунда Нукус шаҳрида, Элликқалъа, Шуманай, Тахиатош, Бўзатов, Тахтакўпир ва Кегейли туманларида 600 нафардан ортиқ ёш ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири