Хушхабар

Грузиянинг Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирининг илк куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди. -52 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳамюртимиз Диёра Келдиёрова мусобақа ғолибига айланди.

Барча беллашувларни муддатидан аввал якунлаб келаётган самарқандлик дзюдочимиз финалда ҳам чемпионлик учун кўп вақт сарфламади. «Токио – 2020» Олимпиадаси чемпиони косоволик Дистрия Красничи атиги 40 сония ичида таслим этилди.

Бу Диёра Келдиёрова учун “Катта дубулға” турнирларидаги тўртинчи олтин медаль ҳисобланади. Ушбу ғалаба орқали у жаҳон рейтинги учун 1000, «Париж–2024» йўлида 500 очкони ўз ҳисобига қўшиб қўйди, – дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

ЎзА