Яна бир йилдан кейин Франция пойтахти Парижда ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларининг ташкилий ишларида иштирок этиш учун 45 минг кўнгиллилар керак бўлади.

Ташкилий қўмита маълумотига кўра, волонтёрлар учун ариза топшириш дастури кеча 22 март куни очилди ва келгуси йилнинг 3 май кунига қадар давом этади. Ушбу дастурда француз ва инглиз тилларини биладиган 2024 йил 1 январь ҳолатида 18 ёшдан ошган инсонлар иштирок этиши мумкин.

Дастурдан муваффақиятли ўтган 45 минг нафар волонтёр Франциянинг Париж, Марсель, Лилл, Ницц, Лион, Сент-Этьен, Нант, Бордо, Шатор ва Таитидаги Олимпия ва Паралимпия тадбирларида томошабинлар ҳамда аккредитациядан ўтган шахсларни кутиб олиш, уларга йўл кўрсатиш, спорт делегацияларига ёрдам бериш, ҳамроҳлик қилиш, спортчиларни мусобақалар ўтказиладиган жойларга, матбуот анжуманларига олиб бориш каби бир қатор ишларда иштирок этади.

Маълумки, XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари келгуси йил 26 июль — 11 август кунлари, XVII Паралимпия ўйинлари эса 28 август — 8 сентябрь кунлари ташкил этилади.

Шу ўринда таъкидламоқ керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, “Париж-2024” ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида олтин медаль соҳиби бўлган спортчилар 200 минг доллар, кумуш медаль эгалари 100 минг доллар, бронза медалига мушарраф бўлганлар 50 минг доллар миқдоридаги пул билан тақдирланиши белгиланган.

Мамлакатимиз спортчиларининг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларда 26 та спорт турлари бўйича 103 та олимпия лицензиясига, 12 та пара спорт тури бўйича 105 та йўлланмага эга бўлиш назарда тутилган.

Европанинг энг қадимий масканларидан бирида ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида кўнгилли бўлиб иштирок этиш истагида бўлган талаба-ёшларни йўналтириш, махсус дастурларда қатнашиш учун уларга зарур шарт-шароитлар яратиш лозим. Мазкур масаланинг ечими қандай бўлиши, унга муносабат қай тарзда кечиши эса юртимиздаги ёшлар ташкилотларининг саъй-ҳаракати ҳамда эътиборига боғлиқ.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА