Нукусда кураш бўйича “Биз Президент полвонларимиз” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар прокурори кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган мусобақада 9 та жамоадан 64 нафар спортчи иштирок этди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Нукус шаҳар прокурори Р.Бауатдинов, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ижрочи директори С.Жусипбеков сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда спортни, шу жумладан, миллий курашни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга тўхталди.
Таъкидланганидек, аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, курашни умумхалқ спорт турига айлантириш, оммалаштиришда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мусобақа натижасига кўра, ўз вазн тоифаларида 4-7 синф ўсмирлар ўртасида 25-умумтаълим мактабидан Мейрамбек Жолдибаев, Шерзод Медетбоев, 4-умумтаълим мактабидан Бийсултон Қўнғиротбаев, 1-умумтаълим мактабидан Ерназар Жўлдосбоев, 16-умумтаълим мактабидан Нурислом Ибрагимов, қизлар ўртасида 25-умумтаълим мактабидан Тўмарис Қосбаева, 16-умумтаълим мактабидан Нуржайна Нуратдинова, 8-11 синф ўсмирлар ўртасида 19-умумтаълим мактабидан Алпамис Мамутов, 20-умумтаълим мактабидан Дамир Атаниязов, 3-умумтаълим мактабидан Адил Турсинғалиев, 21-умумтаълим мактабидан Айнатдин Қалбоев, 48-умумтаълим мактабидан Қуёш Ўскинбоев биринчи ўринни эгаллаб, Нукус шаҳар прокурори кубоги мусобақаси ғолиблари бўлди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари Нукус шаҳар прокуратураси томонидан диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА