Хабарингиз бор, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси юртимизда ўтаётган 20 ёшли футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финалида Австралияни мағлуб этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу ёшдагилар ўртасидаги жаҳон кубоги Индонезияда бўлиб ўтади. Турнирга қуръа ташлаш маросими эса 31 март куни мазкур мамлакатнинг Бали оролида ўтказилади.
ФИФА қуръадан олдин жамоаларни саватчаларга ажратишда ўзгача йўл тутишга қарор қилди: яъни иштирокчи мамлакатларнинг ушбу ёшдаги терма жамоасининг сўнгги 5 та мусобақадаги натижаларини балл кўринишида ҳисоблашга қарор қилди. Бунда ўз қитъасида чемпионликни қўлга киритган жамоалар (АҚШ, Сенегал, Англия, Янги Зеландия, Бразилия ва Осиё чемпиони) қўшимча баллга эга бўлади. Айни пайтда иштирокчи жамоалар тўплаган очколар ва саватчалар қуйидагича:
1-саватча — Индонезия, Уругвай, АҚШ, Франция, Сенегал, Италия.
2-саватча — Англия, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Бразилия, Эквадор, Колумбия.
3-саватча — Нигерия, Япония, Ўзбекистон, Ироқ, Гондурас, Фиджи.
4-саватча — Гватемала, Доминикан, Гамбия, Исроил, Словакия, Тунис.
Қуръада 24 жамоа 6 гуруҳга бўлинади. Бир қитъа вакиллари бир гуруҳдан ўрин олмайди.
Шу ўринда қизиқ бир факт: агар бу турнирда Жанубий Корея ғалаба қозонса, жамғарган очколари ортади ва биринчи саватчадан ўрин эгаллаш ҳуқуқини қўлга киритади. Умид қиламизки, бизнинг (U20) жамоамиз бунга имкон қолдирмайди.
Эртага 19:00 да «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё кубогининг ярим финалида Жанубий Кореяга қарши учрашув ўтказади. Мазкур ўйинда футболчиларимиз тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракатланади.
Шаҳноза Тоштемирова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА