Хабар берганимиздек, спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айни кунларда Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилаётган Жаҳон кубогининг учинчи босқичида иштирок этмоқда.
Бугун афсонавий спортчимиз Оксана Чусовитина мазкур мусобақанинг таяниб сакраш дастурида медаллар учун кураш олиб борди.
Шиддатли ўтган баҳсларда Чусовитина томонидан амалга оширилган мураккаб машқ ҳакамлар томонидан 13.433 баллга лойиқ кўрилди. Бу эса ҳамюртимизнинг кумуш медаль билан тақдирланишига олиб келди.
Чусовитина шарафига Ўзбекистон байроғи юксалган мусобақанинг ушбу дастурида олтин медаль 13.683 баллга эга Франциялик Колин Девалга насиб этган бўлса, бронза медалини 13.383 балл жамғарган хитойлик Линмин Ю қўлга киритди.
Эътиборлиси, Оксана Бокудаги муваффақияти билан учинчи бор жаҳон кубоги шоҳсупасига кўтарилишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Оксана Чусовитина феврали ойининг сўнгги кунларида Германияда ва март ойининг илк кунларида Қатарда ўтган Жаҳон кубогининг биринчи ва иккинчи босқичларида бронза медалига сазовор бўлганди.
Т. Рўзиев, ЎзА