Кеча, 11 март куни Эрон математика жамияти президенти, Машҳаддаги Фирдавсий университети профессори Муҳаммад Сал Мослеҳян Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.
Математика факультети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи ва талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда эронлик профессор бугун дунё илм-фани, хусусан, математик анализ соҳасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар, бу борада Эронда олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритди.
— Гўзал тарихи билан бутун дунёда машҳур кўҳна Самарқанд шаҳрига биринчи марта келяпман, – дейди профессор. – Қадимий шаҳарнинг қадимий олий таълим муассасаси Самарқанд давлат университети менда катта таассурот қолдирди. 35 йилдан буён математик анализ соҳасида илмий-тадқиқотлар олиб бориш билан бир қаторда талабаларга дарс бериб келаман. Бугун самарқандлик талабаларнинг кўзларида илм-фанга, математикага бўлган қизиқишни кўриб қувондим.
Мартабали меҳмон фаолияти давомида Эрон математика жамиятига тегишли бир нечта илмий журналларда бош муҳаррир сифатида таҳрир жараёнларида иштирок этгани, ушбу журналларга қабул қилинаётган ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчилар илмий мақолаларини кузатиб, тақдим этилаётган тадқиқот натижалари юқори илмий аниқликка эга эканини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат чоғида, шунингдек, Самарқанд давлат университети ва Фирдавсий университети ўртасида йўлга қўйилаётган дўстона алоқа янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
— Бугунги учрашув талабалар учун ниҳоятда фойдали бўлди, – дея фикр билдирди математика факультети магистри Давлат Камолиддинов. – Эроннинг энг йирик қадимий кутубхона ва мадрасалари, айнан, мана шу шаҳарда жойлашган. Бугун ушбу тарихий илмий мактабнинг замонавий намояндаларидан бири – Муҳаммад Сал Мослеҳян билан учрашдик. Суҳбатда талаба ва ёш тадқиқотчилар учун муҳим маълумотлар берилди, фикр алмашилди.
Дарҳақиқат, Машҳад қадим замонлардан буён дунёнинг етакчи илм-фан ва маданият марказларидан бири бўлиб келгани тарихдан маълум.
Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Эронлик профессор чет элда илмий-тадқиқот олиб бориш ҳамда магистратура, докторантура йўналишларида ўқишни истаган талабаларга тавсия берди.
ЎзА