Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Тадбирда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракат, шунингдек, ОИИБ билан молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.

Банк раҳбарияти мамлакатимиздаги маъмурий ислоҳотларни юқори баҳолаб, шериклик кўламини кенгайтиришда давом этишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, банк маблағи ҳисобидан республикамиздаги лойиҳаларни молиялаштириш кўрсаткичи изчил ўсиб бораётгани таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ўртасидаги қўшма декларация”ни имзоладилар. Ушбу ҳужжат асосида 2023-2026 йиллар учун уч йиллик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Дастур энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида, шунингдек давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни қамраб олади.

ЎзА