Бугун, 11 март куни мамлакатимиз спорт гимнастикачилари Озарбайжонда давом этаётган жаҳон кубогида медаллар учун курашга киришса, оғир атлетика ва от спорти вакиллари Эронда бошланаётган 1-халқаро Наврўз олимпиадасида, таэквондочиларимиз Нидерландиядаги нуфузли турнирдаги иштирокини бошлайди.

Боку шаҳрида ўтаётган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг учинчи босқичида бугун финал беллашувлари бўлиб ўтади. Ушбу кун дастурида маҳоратли спортчимиз Оксана Чусовитина таяниб сакраш, Расулжон Абдураҳимов брус дастурида ғолиблик учун баҳсларга киришади.

Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида 14 мартга қадар давом этадиган 1-халқаро Наврўз олимпиадасида Яна Павлива, София Ли ҳамда Сўғдиёна Нозимжонова от спортининг конкур йўналишида бугун ўз омадларини синаб кўради. Оғир атлетикачиларимиз Нигора Абдуллаева (55), Севинчой Комилова (71), Ригина Адашбоева (81) ҳамда Турсуной Жабборова (+81) ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Шунингдек, бугун Нидерландияда таэквондо WТ бўйича бошланаётган «Dutch Open» халқаро мусобақасининг илк жангларида иқтидорли спортчиларимиз Улуғбек Рашитов, Нияз Пулатов, Жасур Жайсунов, Никита Рафалович, Мадинабону Маннопова, Феруза Содиқова ва Светлана Осипова иштирок этади.

Т.Рўзиев, ЎзА