“V International Tashkent Marathon” ва Ўзбекистоннинг 14 ҳудудида бир вақтда ўтказиладиган “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси мутасаддилари иштирок этган анжуманда пойтахтимизда бўладиган “V International Tashkent Marathon”да 5 минг 500 нафар иштирокчи қатнашиш учун рўйхатдан ўтганлиги, улар орасида 34 та давлатдан югурувчилар иштирок этиш учун ариза топширгани қайд этилди.

Анжуман давомида ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов марафонда спортчилар “Париж-2024” Олимпиадасига тақдим этиладиган рейтинг очколари учун кураш олиб бориши сабабли хорижий мамлакатларда Тошкент халқаро марафонига қизиқиш юқори бўлишини таъкидлади.

Марафон иштирокчилари орасида бир қатор Осиё ўйинлари совриндорлари, жаҳон чемпионати иштирокчилари, ўтган марафон ва ярим марафон мусобақаларида совриндор бўлган Закрилло Маматқулов ва Владислав Мамедов, Шоҳрух Давлатов, Азиза Мирзакбарова ва Екатерина Тунгускова, 10 минг метрга югуриш бўйича Ўзбекистон рекордчиси Ситора Ҳамидова сингари маҳоратли спортчиларнинг борлиги қайд этилди.

“Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда, бирга югурамиз” ягона шиори остида ўтадиган тадбирлар 75 минг нафардан зиёд иштирокчини қамраб олинаётгани ҳам ўзига хос воқелик бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг масъул спорт раҳбарлари қатнашган матбуот анжуманида юртимиз бўйлаб “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари турли ёшдаги инсонларни бирлаштириш имконини бериши айтиб ўтилди.

Бу ижтимоий ҳаракат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини рағбатлантиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманларида хайрия оммавий югуриш мусобақалари, спорт тадбирлари, байрам дастурлари, турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади. Мусобақада натижа кўрсатган иштирокчилар эсдалик совғалари ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади.

Ҳудудларда ўтказиладиган “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари пойгаларига Енгил атлетика федерацияси томонидан тайёрланган 250 нафар малакали ҳакам ва мураббийлар ҳамда 300 нафарга яқин кўнгиллилар жалб этилади.

Мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида 11 март куни бўлиб ўтадиган “V International Tashkent Marathon” арафасида «Пахтакор» стадионида фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватловчи икки авлодни бирлаштирган “Kids Run” болалар оммавий югуриш мусобақаси ва скандинавча юриш мусобақаси ўтказилиши ҳақида ҳам сўз юритишди.

Т.Рўзиев, ЎзА