ФОТОРЕПОРТАЖ

Самарқанд яккакураш спорт турларига ихтисослашган спорт мактабида 14-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида қўл жанги спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бошланди.

Мусобақа очилишида Миллий гвардия қўмондони, Ўзбекистон қўл жанги федерацияси раиси Р. Жўраев, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи, қўл жанги бўйича вилоят федерацияси раиси А. Аҳмедов иштирок этиб, қўл жанги спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу спорт турини ёшлар ўртасида оммалашиб бораётгани таъкидлади.

Чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 841 нафар ўсмир ўғил-қиз 35 та вазн тоифасида ўзаро беллашмоқда.

– Мазкур мусобақа мамлакат терма жамоасини шакллантиришга хизмат қилади, – дейди мусобақа ҳакамлар ҳайъати бош котиби Жўрабек Мавлонов. – Мусобақада муваффақиятли иштирок этган спортчилар терма жамоага сараланиб, йил якунида Россия Федерациясининг Тула шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўрилади. Шу боис, баҳслар кескин курашларга бой ўтмоқда. Якунда энг кучлилар, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчилар терма жамоадан жой олади.

Мусобақа 12 мартга қадар давом этади.

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА