Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Тожикистон – Марказий Осиё: яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, абадий дўстлик ва ҳамкорликда ривожланиш сиёсати” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда чиқиш қилди.
В.Норов Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимиз ҳамкорликнинг янги сиёсий манзарасини шакллантиришга муваффақ бўлганини қайд этди. Кўплаб муаммолар ҳал этилиб, иқтисодий кооперация жараёни бошланди, фуқаролар ўртасида алоқа фаоллашди.
Буларнинг бари минтақамизнинг ягона савдо-инвестициявий ва транспорт-коммуникация майдонига айланиши учун шароитлар яратди. Иқтисодиётнинг автомобилсозликдан тортиб, қишлоқ хўжалигигача бўлган турли тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилмоқда. Минтақа давлатлари ўртасидаги алоқалар, маданий-гуманитар мулоқот кенгаймоқда.
МОХИ директори сўзларига кўра, барқарор Марказий Осиё инвестициявий фаоллик ва иқтисодий тараққиёт марказларидан бирига айланмоқда. Экспертлар фикрича, сўнгги беш йилда минтақа мамлакатларининг жами ялпи ички маҳсулоти 20 фоиз ўсиб, 340 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, сўнгги йилларда минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш миқдори 3 баробар ошиб, 7.4 миллиард долларга етди. Мамлакатимиз тарихида илк бор Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда энергетика соҳасида бир неча лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу Норин ва Зарафшон дарёларида йирик ГЭСлар қурилишидир.
“Ҳамкорликнинг шундай фаол ўсиш суръати қўшни давлатларда ҳам кузатилмоқда”, дейди Норов.
Қайд этилганидек, минтақадаги умумий ўзгаришлар самараси ўлароқ, Марказий Осиё давлатларининг ички минтақавий масалалар бўйича келишилган ёндашувлари ишлаб чиқилиб, давлатларимизнинг халқаро майдондаги яқин ҳамкорлиги яққол намоён бўлмоқда.
Мутахассис таъкидлаганидек, “минтақа давлатларининг ягона ёндашуви БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам намоён бўлмоқда”.
Бундай ўзгаришлар натижасида сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари “Марказий Осиё плюс” (ЕИ, Ҳиндистон, Хитой, Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши) мулоқот формати доирасида дунёнинг етакчи давлатлари ва марказлари билан муносабат йўлга қўйиш бўйича ўзига хос умумий ёндашув ишлаб чиқди.
В.Норов Марказий Осиёни тинч ва иқтисодий жиҳатдан фаровон минтақага айлантириш энг муҳим мақсад ва вазифамиз эканини қайд этди.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА