Тошкентда давом этаётган қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти Шайх Салим Ал Қосими, Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Мақсуд Абдусаматов иштирок этган тадбирда қиличбоз йигитлар шпага ва сабля, қизлар рапира қуролида жамоавий йўналишда ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Муросасиз баҳслар натижасига кўра, саблячи йигитларимиз финал жангларида Хитой вакилларини 45:33 ҳисобида мағлуб этди ва ҳақли равишда чемпионатнинг олтин медалларини қўлга киритди.
Шу тарзда жамоамиз 1-ўринни, хитойликлар 2-ўринни ҳамда Қозоғистон саблячилари 3-ўринни эгаллади.
38 та давлатдан 700 нафардан зиёд спортчи иштирок этган қитъа чемпионатида мамлакатимиз қиличбозлари умумий ҳисобда 7 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалига мушарраф бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА