Айни кунларда Конституциявий ислоҳотлар қизғин паллада изчиллик билан давом эттирилмоқда. Маълумки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашиб, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказди. Конституциявий қонун лойиҳасининг матни атрофлича муҳокама этилди.

Бугун Конституциявий ислоҳотлар бўйича муҳим ташаббусни илгари сурган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

– Фракцияларимиз томонидан конституциявий ислоҳотлар бўйича илгари сурилган ташаббус демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш борасидаги жараёнларга ҳамоҳангдир,– деди ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров. – Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда ҳар иккала партия фракциялари аъзолари фаол иштирок этди. Бундан ташқари, жойларда электоратимиз вакиллари, сайловчилар билан учрашувлар, муҳокамалар ўтказилиб, лойиҳа бўйича таклифлар олинди. Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш давомида партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, таклифларни акс эттиришга ҳаракат қилинди.

Шунингдек, йиғилишда ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Конституциявий қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига оид ўта муҳим ўзгаришлар акс этгани, шу сабабли қонун лойиҳасини референдумга қўйишдан аввал депутатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббусига эга субъектлар билан маслаҳатлашувлар ўтказаётганини таъкидлади. Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ЎзЛиДеП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ҳам фаол иштирок этаётганини қайд этди.

Қўшма йиғилишда сўз олган ҳар иккала фракция аъзолари ўз партиявий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳасида акс этаётган нормалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Масалан, янгиланаётган Конституция лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш бўйича мажбуриятлари белгиланаётгани, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланиши таъкидланди.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси халқимиз иштирокида муҳокама қилиниб, бирга тайёрлангани уни халқ Конституцияси сифатида қабул қилинишига замин бўлиши алоҳида эътироф этилди.

Қизғин муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА