Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни барпо этиш, кўкаламзорлаштириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солиш ва ҳавонинг тозалигига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси мутасаддиларига ҳам катта вазифалар юклатилган.

–Соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари талаблари бажарилишини таъминлаш мақсадида ўтган 2022 йилда экология масалалари бўйича махсус ваколатга эга ташкилотлар билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Мақсуд Джуманиязов. –Шу жумладан, ҳудудимизда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш мақсадида Қўнғирот тумани ҳудудидан майдони 280 минг гектарлик “Борсакелмес” давлат буюртма қўриқхонаси, Мўйноқ тумани ҳудудидан майдони 1 миллион гектар бўлган “Аралқум” миллий табиат боғи ташкил этилиб, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 3,5 миллион гектарга етказилди.

Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида, ҳудудимизда жами 14 миллион 319 минг туп, шундан баҳор мавсумида 8,9 миллион туп, куз мавсумида 5 миллион 368 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бутали ўсимликлар кўчатини экишга эришилди. Жумладан, автомобил йўл ёқаларига 115,5 минг туп, ихота дарахтлари барпо этиладиган ерларда 378 минг туп, фермер хўжаликлари экин майдонлари атрофига 1 миллион 468 минг туп,  ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларига 760,8 минг туп, ободонлаштириш бошқармалари объектларида 1 миллион 71 минг туп, фуқаролар йиғинлари ва бошқа ҳудудларда 1 миллион 109 минг туп, ижтимоий объектлар ҳудудларида 449 минг 700 туп дарахт кўчати экилди. Туманларда Ўрмон хўжалиги қўмитасига қарашли 16 та ўрмон хўжалигида 250 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда Нукус шаҳри ва туманларда 64,9 гектар майдонда яшил боғлар, 101,4 гектар майдонда яшил жамоат сайилгоҳларини ташкил этиш бошланди.

Ҳудудларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган 424 нафар ишсиз фуқаро “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан дарахт экиш, суғориш ва парваришлаш ишларига жалб этилди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан кам таъминланган оилаларга 263 минг 441 туп мевали дарахт кўчати бепул тарқатилди.

Экилган дарахтларни  суғориш ва парваришлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 817 километр ариқ тозаланганлиги, 23 дона суғориш насоси таъмирланиб, соз ҳолатга келтирилганлиги аниқланди. Шунингдек, Нукус шаҳрида 35 гектар (82 км), Мўйноқ туманида 1 гектар (5,6 км) майдонда томчилатиб суғориш тизими ишга туширилди.

Республикамиз ҳудудидаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 2022 йилда ўрмон фонди ерларига кирмайдиган 39 минг 800 дона дарахтни кесишга рухсат бериш бўйича келиб тушган 116 та мурожаат мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида 24 та мурожаатда келтирилган тўлиқ қуриб бўлган ва ўсиши тўхтаган 451 туп дарахтни кесишга, 3 та мурожаатда келтирилган 80 туп дарахтни кўчириб ўтказишга, 26 мурожаатда келтирилган 320 туп дарахтга шакл беришга рухсат берилди. Бундан ташкари, 68 мурожаатда келтирилган 39 минг туп дарахт кесишга рухсат берилмаганлиги сабабли сақлаб қолинди.

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида” ги  Қорақалпоғистон Республикасининг қонун талабларига мувофиқ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан биргаликда атмосферага ташланаётган зарарли чиқиндиларнинг миқдорини камайтириш бўйича 2-босқичда “Тоза ҳаво” тадбирлари ўтказилди. Натижада,  атмосферага ташланадиган зарарли чиқиндиларнинг белгиланган меъёрдан ортганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатларни меъёрга келтириш бўйича автотранспорт воситалари бошқарувчиларига тегишли кўрсатмалар берилди. Атмосферага ташланадиган зарарли чиқиндиларнинг миқдорини камайтириш мақсадида 6724 та автотранспорт воситаси экологик жиҳатдан тоза газ ёқилғисига ўтказилиб, 88 та корхона ҳисобидан 263 та табиатни асраш тадбирларининг ижроси натижасида чиқиндиларнинг миқдори 3423 тоннага камайтирилди.

Шу билан бир қаторда,  “Қорақалпоқцемент” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси 2 дона, “Титанцемент” масъулияти чекланган жамияти 1 дона автомат станцияси ва оралиқдан кузатиш ускунаси билан таъминланди.

Чиқиндилар билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун 2022 йилда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва 7 та якка хусусий корхонанинг 249 дона махсус техникаси, шундан 175 дона чиқинди ташувчи техника аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунга қадар аҳоли қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш учун 475 чиқинди йиғиш шахобчаси ва 773 дона чиқинди йиғиш контейнери билан таъминланди.

Бундан ташқари, 1344 та ижтимоий тоифа объектида 2022 йилда ўрнатиш талаб этиладиган 823 дона чиқинди контейнери ва қутисидан 481 донаси ўрнатилди. Бу корхоналар томонидан жами 277,1 минг метр куб чиқинди йиғиб олиниб, махсус полигонларга жойлаштирилди. Шунингдек, 161,7 гектар майдонда жойлашган 19 та маиший чиқинди полигонида ҳар йили ўртача 260 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди йиғилиб, шундан 2022 йилда 77,8 минг тоннаси қайта ишланди. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки ҳисобидан 10 дона махсус техника олиб келинди.

2017 йилда “Тоза ҳудуд” корхонаси 312 нафар ходим билан иш бошлаган бўлса, ҳозирги вақтда корхонанинг штат бирлиги 491 нафарга етказилди. Натижада, 421 та фуқаролар йиғинида халқни санитар тозалаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш даражаси 2017 йилда 43 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил якунида 100 фоизга етди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг инспекторлари томонидан шаҳар ва туманларда олиб борилган 2398 назорат тадбири натижасида бир қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шу жумладан, 2022 йилда жами 2321 нафар фуқаро ва 21 нафар раҳбарлар томонидан йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича маъмурий жавобгарлик расмийлаштирилиб, 1 миллиард 916 миллион сўм жарима қўлланилди.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар асосида аҳолининг саломатлигига таъсир кўрсатувчи экологик муаммоларни бартараф қилиш, экология  ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик вазиятни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонлар майдонини кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишда кенг кўламли ислоҳотлар ва амалий тадбирлар олиб борилиши тизимли равишда ташкиллаштирилади.

Албатта, шу аҳамиятли вазифаларнинг бажарилишини натижали ва самарали ташкил қилишда давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар рахбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлиги кучайтирилади. Чунки, бугун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва маиший чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш тизими йўлга қўйилса, бу биринчи навбатда, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашда ва келажак авлодга яшил маконларни мерос қилиб қолдиришда катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкиллаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларини самарали ташкиллаштириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар белгилаб олинди. Шу жумладан, маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасида 3 та мамлакат якка шерикчилик лойиҳаси амалга оширилади ва уларни қайта ишлаш даражаси 35 фоизга етказилади. Умуммиллий лойиҳаси доирасида 35  гектар майдонда “Яшил Ўзбекистон” боғи, 64,9 гектар майдонда “Яшил боғ”лар, 101,4 гектар майдонда “Яшил жамият сайлгоҳ”лари ташкиллаштирилади.

Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида 2022-2025 йилларда Нукус шаҳри, Қораўзак, Қўнғирот ва Тўрткўл туманларида 4 та янги замонавий полигон қуриш ва уларда чиқиндиларни компост қилиш ҳамда ажратиш ускуналарини ўрнатиш, Элликқалъа, Беруний, Шуманай, Қонликўл, Мўйноқ, Чимбой, Тахтакўпир, Амударё туманларида жами 8 та чиқиндини қайта ишлаш станциясини қуриш, уларни контейнер ва махсус техника билан таъминлаш ишлари олиб борилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА