Тошкентда поёнига етган «Катта Дубулға» турнири дзюдо спорт турининг халқаро майдондаги мавқейини оширди. Унинг техник-тактик даражасини, спортчиларнинг маҳорат бобидаги профессионаллигини янги поғонага олиб чиқди. Бу ҳақда жаҳон ахборот воситаларида бот-бот айтилмоқда.

Турнирда мамлакатимиз терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоада 2-ўринни эгаллади.

Маҳоратли дзюдочиларимиз Муроджон Йўлдошев, Давлат Бобонов ва Алишер Юсупов «Катта Дубулға» турнирида олтин медални қўлга киритиб, «Париж-2024» остонасига янада яқинлашишга муваффақ бўлди. Айниқса, Йўлдошевнинг Европа ва Осиё чемпионларини доғда қолдириши, Юсуповнинг Жаҳон чемпионати совриндори япониялик Саитони мағлуб этиши, шунингдек, Сардор Нуриллаев, Гулноза Матниёзова, Достон Рўзиев, Муҳриддин Тиловов ва Мусо Собировларнинг татамида янгича услубларда ҳаракатланиши турнирга ўзгача жозиба бағишлади. Дзюдонинг чиройли, такрорланмас усулларини кашф этди.

Уч кун давом этган баҳсларда 49 мамлакатдан 364 нафар спортчи рақобатлашган бўлса, совринли ўринлар 22 та терма жамоа аъзолари ўртасида тақсимланди. 30 мамлакат дзюдочилари кучли саккизликдаги камида битта ўринни эгаллади. 12 нафар дзюдочи илк бор «Катта Дубулға» медалларига Тошкент татамиларида сазовор бўлди.

Умумжамоада Япония термаси 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан 1-ўринни эгаллади. Ҳамюртларимиз 2-ўринга эга чиқди. 1 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритган Австрия жамоаси кучли учликка якун ясади.

Энди дунё дзюдочилари март ойининг сўнгги кунларида Тбилисида ўтадиган навбатдаги халқаро турнирда рўбарў келишади.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА