Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари Қарағанда вилоятида уюшган жиноятчилар гуруҳи фаолиятига чек қўйиб, 40 кишини ҳибсга олди, дейилади Республика ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“5 март куни Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаменти Миллий хавфсизлик қўмитасининг бешинчи департаменти билан биргаликда узоқ вақтдан буён Қарағанда вилоятида криминал вазиятга салбий таъсир кўрсатиб келаётган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида махсус амалиёт ўтказди”, – дейилади хабарда.
Вазирлик маълумотига кўра, жиноий гуруҳлар аъзолари жамоатчилик тартибларини бузиб, ўқ отар қуроллар воситасида бир неча бор ўзаро отишмалар содир этган. Тезкор маълумотларга кўра, гуруҳларда камида 50 дан зиёд фаол жиноятчилар, жумладан ораларида собиқ ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам бор бўлган. Гуруҳлар етакчилари ва аъзоларнинг вазифалари аниқ белгилаб қўйилган. Жиноятчилар мазкур ҳудудда йирик саноат объектларидан қимматли материалларни ўғирлаш тизимини йўлга қўйиб олган.
Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органлари очилмай қолган қотиллик жиноятларда ҳам гуруҳ аъзоларининг қўли борлигини аниқлашди.
Махсус амалиёт давомида 100 дан ортиқ тинтув ишлари амалга оширилган, 9 дона ўқотар қурол мусодара қилинган, 200 дан ортиқ ўқ-дори, гранатомёт, тротил, гранаталар, ҳужжатлар ва қалбаки муҳрлар, диний адабиётлар, йирик миқдордаги пул, кўчмас мулклар, олисдан туриб эшитадиган махсус техник воситалар қўлга олинган”.
“Тезкор-текширув тадбирлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.