БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш дунёдаги барча халқларнинг тинч, хотиржам ва фаровон яшашига қаратилган.

Бундай мақсадга эришишда эса ҳар бир мамлакат маълум шартларни бажариб бориши зарур. Айнан шу йўналишдаги ишларни самарали йўлга қўйишда эса мамлакатлар, минтақалар ўзаро ҳамкорлик имкониятларидан ҳам фойдаланмоқда.

Халқаро миқёсда ўз ўрнига эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) маконида ҳам бундай самарали ҳамкорликни кузатиш мумкин.

Тошкент шаҳрида “ШҲТ маконида аёллар: ўзаро манфаатли ҳамкорлик” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция бунга яна бир далил бўлди.

Олий Мажлис Сенати томонидан Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан  ҳамкорликда ўтказилган тадбирда парламент вакиллари, ШҲТга аъзо мамлакатлар хотин-қизлар ташкилотлари, бизнес, маданият, фан va таълим соҳалари раҳбарлари иштирок этди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, тадбирнинг самарали ўтиши ва юқори натижаларга эришиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинишига ишонч билдирди.

Тадбирда Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди. 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқлангани, хотин-қизларнинг мавқеини ошириш бўйича мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани эътироф этилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ вa қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўрни va фаоллигини янада ошириш ҳамда илмий фаолиятга кенг жалб этиш соҳасида ШҲТ мамлакатларининг тажриба алмашишини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Инновацион ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Айнан шу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир давомида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича тажриба алмашилди.

Конференция якунлари бўйича хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар етакчилиги ҳамда тадбиркорлигини самарали рағбатлантириш, ШҲТ доирасида ҳамкорлик қилиш бўйича янги лойиҳа ва дастурларни тайёрлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА